Савдо марказига “заҳри қотил” олиб кирмоқчи бўлган хорижлик фуқаро ушланди
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасига қўшни давлатдан кираётган шахс ички аъзоларига яшириб, юз грамм оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик моддасини олиб ўтмоқчи бўлганида қўлга тушди.
Савдо зонаси ҳудудига “заҳри қотил” олиб кирмоқчи бўлган қўшни давлат фуқаросининг сири вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё бўйича бошқармаси, чегара қўшинлари ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири чоғида фош этилди.
Гап шундаки, “Айритом” чегара божхона постидаги “Body Scanner” қурилмаси орқали назоратдан ўтказилган чет эллик 18 ёшли шахснинг ички аъзоларига шубҳали предмет яширгани аниқланди. Текширувда унинг тўғри ичак қисмига жойлаштирилган бир дона полиэтилен ўрам ичида 100 грамм оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик моддаси борлиги маълум бўлди.
Вилоят божхона бошқармасидан олинган маълумотга кўра, яна бир тезкор тадбирда “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ҳудудида олдиндан кузатувга олинган 49 ёшли хориж фуқароси қарийб 49 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини сотишга уринган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. У гиёҳвандлик воситасини шартли харидорга сотиш учун келишилган 3 минг 600 доллар ва “Самсунг С26 Ультра” русумли уяли алоқа воситаси ҳам далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди.

Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан божхона органлари жиноят иши қўзғатиб, суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА