“Саричашма-1” эмас, “Учтепа”
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг шу йил май ойидаги сессияси қарори билан Жомбой туманидаги “Саричашма-1” маҳалла фуқаролар йиғини номи “Учтепа” деб ўзгартирилди.
– Аҳоли сонининг кўпайиши ва маҳаллалар ҳудудининг кенгайиши натижасида айрим аҳоли пунктларини номлашда мавжуд маҳалла номи олиниб, унга сон қўшилиши ҳолатлари шу пайтгача мавжуд эди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Темиров. – Эндиликда эса бундай ҳолатларга йўл қўйилмаяпти, аввалдан шундай номланиб келган маҳаллалар номи эса ўзгартирилмоқда. Жомбойдаги маҳалла номи ўзгартирилиши ҳам ана шу омил билан боғлиқ. Гап шундаки, туманда Саричашма маҳалласи мавжуд ва кейинчалик аҳоли сони ортиши, ҳудуднинг кенгайиб бориши туфайли ҳудудда ташкил этилган янги маҳалла фуқаролар йиғинига “Саричашма-1” деб ном берилган. Аммо “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунга кўра, географик объектга берилаётган ном унга хос бўлган белгиларни акс эттириши, ўша ердаги географик объектлар номларининг мавжуд тизимига мос тушиши ва албатта, маҳаллий аҳолининг фикри ҳисобга олиниши лозим. Шу нуқтаи назардан, географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссияси Жомбой тумани ҳокимлигининг “Саричашма-1” маҳалласи номини ўзгартириш тўғрисидаги таклифини ўрганиш жараёнида ҳудуд аҳолиси фикрларига алоҳида эътибор қаратди. Маҳалла аҳли ҳудудда уч тепалик бўлгани ва ҳозиргача уларнинг элементлари сақланиб қолганини таъкидлаб, маҳаллага “Учтепа” номини беришни сўради. Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар ҳар томонлама ўрганилишини ташкил этди, янги номнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги нуқтаи назаридан давлат экспертизасидан ўтказиш учун кадастр агентлигига топширди. Шундан сўнг давлат экспертизаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тегишли хулоса берилди ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан маҳаллага янги ном берилди. Жорий йилда Тойлоқ туманидаги Ворсин маҳалласи номини Варсин, Равот маҳалласини Катта Равот деб ўзгартиришда ҳам тарихий маълумотлар ҳамда ҳудуд аҳолиси фикрлари инобатга олинди.
Умуман, йил бошидан буён маҳаллий кенгашлар қарорлари билан вилоятнинг Пастдарғом туманидаги 50 та, Нурободдаги 65 та номсиз кўчаларга ном берилди, айрим кўча номлари қайта номланди. Пайариқ туманидаги эса 2670 та кўчага ном берилиб, тасдиқланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА