“Sambhram” университетига пресс-тур ташкил этилди
Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, блогерлар учун Жиззах шаҳридаги “Sambhram” университетига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир аввалида университетининг Ўзбекистон томонидан ректори Сирож Тавбаев ва олийгоҳнинг Ҳиндистон давлати томонидан ректори Чадракантҳ Говда (Chadrakanth Gowda) тадбир иштирокчиларига ёшларга яратилган шароитлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги “Жиззах шаҳрида “Sambhram” университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ушбу олийгоҳ Жиззах шаҳрида фаолиятини бошлади. Университет нодавлат хорижий олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, унда ўқитиш кундузги таълим шаклида, тўлов-контракт асосида амалга оширилади ва битирувчиларга Ўзбекистон ҳамда Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.
Айни пайтда, олийгоҳда 2021-2022 ўқув йили учун 1 минг 501 нафар талаба қабул қилиниб, таълим муддати 4 йил бўлган (кундузги) 3 та: ахборот технологиялари муҳандис-дастурчиси (B.Tech.IT), ахборот технологиялари фанлари (B.Sci.IT), бизнес бошқаруви (ВВА.IT) бакалавриат йўналишларида ҳамда таълим муддати 2 йил бўлган 2 та: ахборот технологиялари фанлари (М.Sc.IT), бизнес бошқаруви (МВА.IT)магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил олмоқда.
[gallery-5710]
Университетда ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш каби йўналишларда таълим дастурлари амалга оширилади. Бундан кўзланган асосий мақсад, келажак авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талабалар билан амалий фаолият олиб бориш, етук профессионал кадрларни тайёрлаш, талабалар ва иш берувчиларни, жамият талабларига мос келадиган сифатли таълим тизимини яратишдан иборат. Бундан ташқари, талабаларнинг мақсадига мувофиқ кўникма, қадрият ва фазилатларга эга бўлган етук кадрлар сифатида шакллантириш, технологик тараққиёт билан ҳамнафаслик ҳиссини доимо ошириб бориш, инсоният фаровонлиги учун дахлдорлик даражасини шакллантириш ҳамдир.
Тадбир иштирокчилари ушбу пресс-тур давомида унверситет ҳудудида амалга оширилган реконструкция, таъмирлаш, қурилиш ва жиҳозлар ишлари ҳамда талабаларга таҳсил бериш жараёнлари билан яқиндан таништирилди.
“Sambhram” университети учун Жиззах шаҳридаги, ҳозирда Қарши шаҳрига кўчирилган Олий ҳарбий авиация билим юртининг объекти ажратилиб, у ердаги бино ва иншоотларда тўлиқ реконструкция, таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилди.
Асосий ўқув биносининг 1-, 2- ва 3-қаватларида тўлиқ таъмирлаш ишлари якунланиб, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар ҳамда бошқа зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.
Бундан ташқари, олийгоҳ ҳудудида 180 ўринли конференциялар зали, 200 ўринли ошхона ҳамда 260 ўринли ётоқхона бинолари қайта таъмирдан чиқарилди.
Университетнинг расман тўлиқ фаолият юритиши учун ўтган 2021 йилнинг 16 ноябрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспексияси томонидан нодавлат таълим хизматлари соҳасида фаолиятини амалга оширириши учун №0039-сонли лицензия олинди.
Ҳозирги кунда, олий таълим муассасасида таҳсил олаётган талабалар учун дарс жараёнлари 2 сменада инглиз ва ўзбек тилларида олиб борилмоқда.
Университет фаолиятига Ҳиндистондан 16 нафар, Ўзбекистондан 30 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилган ва яна 30 нафар профессор-ўқитувчи онлайн тарзда талабаларга сабоқ бераётир. Олийгоҳнинг умумий илмий салоҳияти 35 фоизни ташкил этмоқда.
Пресс-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА