Самарқанддаги техникумлар Германиядаги муассасалар билан ҳамкорлик қилади
Шу кунларда республика касбий таълим агентлиги раҳбарияти ва ҳудудий бошқарма бошлиқларидан иборат делегация Германияда хизмат сафарида бўлиб турибди.
Мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчихонасида ўтказилган “TexVET II” форуми доирасида Самарқанд вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи Азизбек Насимов германиялик масъуллар билан дуал таълимни ривожлантириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш юзасидан англашув меморандуми имзолади.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, меморандумда Самарқанд вилоятидаги техникумларда Германия тажрибаси асосида дуал таълим тизимини кенг жорий этиш, ўқув дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш, амалий тажриба ва малака алмашинувини кучайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
– Бу келишув таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш орқали ёшларимизнинг ўзлари танлаган касб-ҳунарни пухта эгаллаб, малакали мутахассис бўлишига хизмат қилади, – дейди Азизбек Насимов.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири