Самарқандда тайёрланаётган текстил маҳсулотлари АҚШга экспорт қилинади
Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегация Миссури штатида халқаро логистика ва юк ташиш хизматлари йўналишида фаолият юритувчи “ITF Group” компанияси раҳбари Саидазим Бурхонов билан учрашувда ушбу масалани муҳокама қилди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мулоқотда Самарқанд вилоятида ишлаб чиқарилаётган текстил маҳсулотларини халқаро стандартлар асосида АҚШга етказиб бериш, логистика занжирларини йўлга қўйиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “ITF Group” компаниясининг логистика соҳасидаги тажрибаси ва имкониятлари Самарқандда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни АҚШ бозорига олиб киришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Самарқанд вилояти делегацияси сафар давомида Вебстер университети президенти Тим Кин билан ҳам учрашув ўтказди.

Учрашувда асосий эътибор кибержиноятларга қарши курашиш, таълим соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда киберхавфсизлик бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш масалаларига қаратилди.

Томонлар олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар малакасини оширишга хизмат қилувчи қўшма дастурларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Шунингдек, меҳнат бозоридаги талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, таълим дастурларини мослаштириш, амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Бу борада халқаро тажрибани кенг жорий этиш ва илғор таълим моделлари асосида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири