Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев юртимизда меҳмон бўлиб турган Хитойнинг етакчи қурилиш компанияларидан бири бўлган China State Construction Engineering Corporation (CSCEC) компанияси вакиллари билан учрашди.
Мазкур компания дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида инфратузилма, кўчмас мулк, муҳандислик ва лойиҳа-қидирув ишларини амалга оширмоқда. Хитойдаги осмонўпар биноларнинг 90 фоизидан ортиғини ҳам ушбу компания барпо этган.

Мулоқот давомида компания масъуллари Самарқандда янгидан бунёд этилаётган “Ширин” ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплекси қурилишида иштирок этиш истагини билдириб, ўз таклифларини тақдимот шаклида намойиш қилди.
***
Айни пайтда вилоятнинг Ургут, Булунғур, Самарқанд ва Нуробод туманларидаги маҳаллаларда дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Жумладан, аҳолисининг асосий қисмини тожик миллатига мансуб фуқаролар ташкил этадиган Нуробод туманидаги Оқсой маҳалласида Рамазон ҳайити ҳамда баҳор байрами кенг нишонламоқда. “Варраклар сайли”, “Оқ теракми – кўк терак”, “Чиллак” сингари миллий халқ ўйинлари, турли миллат вакилларининг фольклор-этнографик ансамбллари чиқишлари барчага манзур бўлмоқда.
“Меҳр-оқибат дастурхони” шиори остида турли миллатларнинг миллий таомлари тайёрланди ва албатта, дастурхоннинг шоҳ таоми бўлган палов пиширилиб, ҳайит оши сифатида элга улашилди.
***
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида юртимизнинг узоқ ҳудудларидан келиб ўқиётган ва дам олиш кунларида ҳам талабалар турар жойида бўлган 300 нафардан ортиқ талабалар учун Рамазон ҳайити байрам дастурхони ёзилди.

Университет ректори Худойназар Юнусов талабалар турар жойига келиб, Рамазон ҳайитини Самарқандда нишонлаётган талабаларни байрам билан табриклади. Суҳбат жараёнида халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик каби фазилатлар, қадрият ва анъаналар ҳақида сўз юритилди.
***
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Отабек Тошниёзов Иштихон туманида бўлиб, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида ҳуқуқий тарғибот тадбирини ўтказди.
Тадбир давомида фуқароларга инсон ҳуқуқлари, уларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида тушунча берилди. Шунингдек, фуқаролар қабули ташкил этилиб, мурожаатлари қабул қилинди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири