Самарқанд давлат университети халқаро рейтингда юқори ўринни эгаллади
Самарқанд давлат университети QS World University Rankings by Subject халқаро рейтингининг 2026 йилги натижаларига кўра, замонавий тиллар йўналиши бўйича 251-300-ўринни эгаллади. Шу муносабат билан университетда “Лингво-ғалаба: халқаро рейтингдаги тарихий қадам” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур натижа олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш борасидаги изчил ишлар самарасидир.

Тадбир давомида рейтинг натижасини тасдиқловчи махсус гувоҳнома топширилди. Шунингдек, мазкур ютуққа муносиб ҳисса қўшган профессор-ўқитувчилар ректор ташаккурномалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд давлат университетининг халқаро рейтинглардаги ўрни йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Бу эса университетнинг глобал таълим маконидаги рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА