Россия ва Хитой БМТ резолюциясига қарши
Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашида Ҳурмуз бўғозини қайта очиш бўйича резолюцияга вето қўйди. Ҳужжат 11 давлат томонидан қўллаб-қувватланган бўлса-да, икки доимий аъзо қарши чиққани сабаб, қабул қилинмади. Овоз бериш АҚШ Президенти Дональд Трамп белгилаган муҳлат арафасида ўтказилди.
Эрон томонидан Ҳурмуз бўғози бўйлаб ҳаракат чекланиши нефть нархини кескин ошириб юборди. Шу боис кўп давлатлар айни масала бўйича халқаро миқёсда чора кўрилишини қўллаб-қувватлаган. Бинобарин, бир неча бор юмшатилганига қарамай, барибир ҳужжат қабул қилинмади.
Дастлабки лойиҳада ҳарбий куч ишлатиш имконияти ҳам назарда тутилган эди. Кейинчалик Россия ва Хитой қаршилиги ортидан бу бандлар олиб ташланди ва муаллифлар фақат “ҳимоя чораси” билан чекланди. Москва ва Пекинни эса тузатилган матн ҳам қониқтирмади. АҚШ ва Исроил ҳарбий ҳаракатни кучайтирганига урғу берган бу икки давлат вакиллари асосий эътибор урушни тўхтатишга қаратилиши лозимлигини таъкидлади.
Ўз навбатида Форс кўрфази давлатлари Ислом Республикасининг ҳаракатлари минтақа иқтисодиёти ва хавфсизлигига жиддий таҳдид деб баҳоламоқда.
Хуллас, вазият ҳамон кескинлиги боис, халқаро миқёсдаги келишув муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА