Россия мамлакатда янги сафарбарлик бўлмаслигини маълум қилди
РФ давлат Думаси мудофаа қўмитаси аъзоси Андрей Колесникнинг сўзларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган маҳкумлар тоифаларини кенгайтирувчи қонуннинг ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. У шунингдек, ўлкада янги сафарбарлик ҳолати бўлмаслигини маълум қилди.
- Янги сафарбарлик тўлқини ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, мен бу ҳақда эшитмадим. Шартнома асосидаги аскарлар ҳам, кўнгиллилар ҳам ўз ватанини ҳимоя қилиш учун кучларини бирлаштирмоқда. Юртни ҳимоя қилиш шарафли бурч. Давлат Думаси томонидан қабул қилинган қонуннинг сафарбарлик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, -деб таъкидлади Колесник.
Шу билан бирга, у Украина президенти Владимир Зеленскийнинг баёнотларини “уларнинг ички ташвиқоти” деб атади.
Сафарбарлик ҳақидаги миш-мишлар тарқалгандан кейин руслар мамлакатдан чиқиб кетиш йўлларини оммавий равишда қидира бошлагани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
2026 йил июнь ойида руслар мамлакатдан чиқиб кетиш билан боғлиқ қидирув сўровлари сони бўйича рекорд ўрнатишди. “Яндекс” ва “Google Trends” маълумотлари таҳлилига кўра, “визасиз қаерга бориш мумкин?”, “паспорт олиш қанча вақт олади?”, “чиқиш рухсатномаси” каби сўровлар низо бошланганидан бери энг юқори даражага етган.

Қизиқишнинг бу ўсиши ёқилғи инқирози, Украина дронларининг РФ шаҳарларига ҳужумлари ва янги сафарбарлик ҳақидаги миш-мишлар билан бир вақтга тўғри келмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА