Россия Калининград қамал қилинса, ядровий қурол қўллашга тайёрлигини билдирди (+видео)
Агар НАТО давлатлари Калининград вилоятини Россия ҳудудидан узиб қўйишга уринса, Москва ҳар қандай, жумладан ядро қуролини ҳам қўллаши мумкин. Бу ҳақда РФнинг Ирландиядаги элчихонаси баёнотида айтилган.
Москва Европанинг бир неча давлатига нисбатан ҳарбий босқин тайёрланаётгани, шунингдек гибрид ҳужум кучайтирилаётгани ҳақидаги иддаони қатъий инкор этмоқда. Кремль фикрича, Россия таҳдиди билан боғлиқ бундай баёнотлар мудофаа харажатини ошириш, Европани ҳар томонлама ҳарбийлаштириш ҳамда Украинага молиявий, ҳарбий ва сиёсий ёрдам кўрсатишда давом этишни оқлашга хизмат қилади.
Таъкидланишича, айни пайт Россия миллий хавфсизлигига Ғарбдан яққол таҳдид келмоқда. Айни фикрни тасдиқлаш учун НАТО томонидан Россиянинг бутун ғарбий чегараси бўйлаб ҳарбий фаолият кучайгани, хусусан Литва, Польша ва Франция иштирокида ҳарбий машғулот ўтказилгани мисол тариқасида келтирилган.
Литва Қуролли кучлари маълумотига кўра, ушбу машқдан кўзланган мақсад – Польша билан чегарада жойлашган, Болтиқ бўйидаги давлатларни Европа Иттифоқи билан боғлаб турувчи Сувалки йўлагини тезкор ва самарали ҳимоя қилиш кўникмасини такомиллаштириш. Русларнинг фикрича, машғулот РФ эксклави – Калининград вилоятига қарши қаратилган.
29 сентябрь куни НАТО расмий вакили Эллисон Харт DW нашрига Москва томонидан илгари сурилган айбловга нисбатан ёндашувни изоҳлади. Унинг таъкидлашича, фақат мудофаа мақсадини кўзловчи Альянснинг ҳеч бир ҳаракати Россиянинг бирор қисми учун хавф туғдирмайди.
Айни пайт Бош котиб Марк Рютте Брюсселда журналистлар олдида Россия НАТОга қарши қаратилган душманлик ҳаракатидан иборат кампанияни давом эттираётганига урғу берди. Унинг сўзларига кўра, ташкилот Украина учун янада кўпроқ иш қилишни режалаштирган.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов, (видео) ЎзА