Регби: халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Россия регби федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорлик ҳужжатини имзолаш жараёнида иштирок этган Россия регби федерацияси бош директори Павел Федоров етакчилигидаги хорижлик мутахассислар Ўзбекистонда оммавий спорт ҳаракатини ривожлантириш, замонавий мажмуалар бунёд этиш, халқаро мусобақаларда юртимиз спортчилари томонидан қўлга киритилаётган муваффақиятларга юқори баҳо берди.

Учрашувда таъкидланганидек, имзоланган меморандумга кўра, регби спорт тури бўйича олий спорт ютуқлари ва спорт менежменти, спорт илм-фани, тиббиёти, инновацион технологиялар ва регби инфратузилмасини яхшилаш, регби клубларини тайёрлаш тизимини кучайтириш каби бир неча йўналишлар қамраб олинади.
Мазкур келишув икки мамлакат ўртасидаги спорт алоқаларини мустаҳкамлаш билан бирга, юртимизда регби бўйича профессионалларни тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев, ЎзА