Разман бин Жаафар: томонлар ҳамкорлиги фақат назарий эмас, балки амалиётга қаратилган шерикликдир
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “2026-2035 йилларда Ўзбекистон Республикасида микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқишга бағишланган “Strategic Workshop Lab” амалий семинарининг иккинчи кун тадбирлари ўтказилмоқда.
Унда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳамкорлик истиқболларини мустаҳкамлашга қаратилган масалалар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Томонлар ўртасидаги муносабатлар юзасидан “MIMOS Holdings Sdn. Bhd.” компанияси бош директори Разман бин Жаафар қуйидаги фикрларни билдирди:
– Аввало, Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётгани қувонарли. Бу бевосита иқтисодий, савдо ва туризм каби йўналишларда ўз аксини топмоқда. Бугунги мулоқот ҳам ушбу алоқаларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Айтиш керакки, мазкур ҳамкорлик иқтисодий трансформация, саноат инвестициялари ва глобал рақобатбардошликка бўлган қатъий садоқатимизнинг ифодаси. Бугун электр ва электроника саноати оддий ишлаб чиқариш соҳаси эмас, балки рақамли иқтисодиёт, қувватли яримўтказгичлар, сунъий интеллект ва ақлли инфратузилманинг асосига айланди.
Малайзия сўнгги беш йил ичида ушбу йўналишда катта трансформацияни амалга оширди. Мамлакат оддий йиғиш операцияларидан глобал яримўтказгич ва электроника қиймат занжирида муҳим иштирокчига айланди. Бугун у дизайн, синов, ишлаб чиқариш ва инновацияни қамраб олган барқарор экотизимга эга бўлиб, жаҳон яримўтказгич экспортига сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳам катта салоҳият мавжуд. Марказий Осиёнинг марказида жойлашган мамлакат ривожланаётган инфратузилма, давлат томонидан кучли қўллаб-қувватлаш ва ёш, иқтидорли кадрларга таянади. Тўғри, стратегия ва самарали шериклик асосида Ўзбекистон микроэлектроника ва яримўтказгичлар соҳасида минтақавий марказга айланиши мумкин.
Малайзия Ўзбекистонни ушбу йўналишда учта асосий йўналишда қўллаб-қувватлашга тайёр. Биринчиси, экотизимни ривожлантириш бўлиб, у саноатни шакллантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва самарали сиёсат механизмларини жорий этишни қамраб олади. Иккинчиси, кадрлар салоҳиятини ошириш, яъни техник тайёргарликдан тортиб замонавий дизайн ва муҳандислик кўникмаларигача бўлган жараёнларни ривожлантириш. Учинчиси эса технология ва коммерциялаштириш бўлиб, инновацияларни амалий иқтисодий натижаларга айлантириш ва уларни глобал бозорга олиб чиқишни назарда тутади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ёндашув фақат назарий ҳамкорлик эмас, балки амалиётга қаратилган шерикликни англатади. Бу жараёнда Малайзия томони Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, шунингдек, маҳаллий саноат ва стартаплар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр.
Ушбу семинар нафақат мулоқот майдони, балки умумий стратегик қарашларни шакллантириш, устувор йўналишларни белгилаш ва аниқ амалий қадамларни ишлаб чиқиш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.
Шуни ишонч билан айтаманки, келажакда Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида микроэлектроника соҳасида барқарор ва замонавий экотизимни шакллантириш бўйича ҳамкорлик янада мустаҳкамланади. Бу эса инновацияларни рағбатлантириш, юқори қийматли иш ўринларини яратиш ва Ўзбекистоннинг минтақадаги технологик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.