Қувондиқ Санақулов Россия Муҳандислик академиясининг хорижий аъзоси этиб сайланди
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори, техника фанлари доктори, профессор Қувондиқ Санақулов Россия Муҳандислик академиясининг хорижий аъзоси (академиги) этиб сайланди.
Россия Муҳандислик академияси муҳандислик фанларини ривожлантириш, инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, муҳандислик таълимини такомиллаштириш, саноатни модернизация қилиш ҳамда юқори технологияли иқтисодиётни шакллантириш ҳамда ана шу йўналишларда халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фаолият олиб боради.
Россия Муҳандислик академиясига аъзолик (академиклик) энг юқори илмий-муҳандислик эътирофларидан ҳисобланади. Академияга муҳандислик соҳасида улкан илмий ва амалий натижаларга эришган, янги технологиялар яратган, ишлаб чиқаришга юқори самарали инновацияларни жорий этган, мамлакат саноати ва муҳандислик фанлари ривожига салмоқли ҳисса қўшган инсонлар сайланади. Академик унвони муҳандислик соҳасидаги улкан хизматлари, илмий мактаб яратиш, муҳим технологик ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳамда саноат тармоқларини ривожлантиришдаги катта шахсий ҳиссаси учун берилади.
Хорижий давлатлар олимлари учун эса хорижий аъзо (академик) мақоми жорий этилган. Бу унвон жаҳон илм-фани, муҳандислик, таълим ва инновацион технологиялар ривожи ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган муҳандис-олимларга берилади.

Қувондиқ Санақулов Россия Муҳандислик академиясининг хорижий аъзоси (академиги) этиб сайланиши нафақат олимнинг кўп йиллик самарали илмий ва муҳандислик фаолиятига берилган юксак баҳо, балки Ўзбекистон муҳандислик мактаби, Навоий кон-металлургия комбинатида шаклланган илмий салоҳият ва бой тажрибанинг халқаро миқёсда эътироф этилганининг ёрқин намунасидир.
Таниқли олим Қувондиқ Санақулов Табиат ва жамият фанлари халқаро академияси, Евросиё кончилик фанлари академияси, Турон фанлар академияси академиги, шунингдек, Австриянинг Вена университети ҳамда Россиянинг Урал федерал университети фахрий профессори унвонларига ҳам эга.
А.Бўриев, ЎзА мухбири