Қозонда халқаро кооперация форуми иш бошлади
Россия Федерацияси Қозон шаҳрида VIII Халқаро истеъмолчилар кооперацияси форуми – “Кооперация ёшлари: тармоқни ривожлантириш учун ресурсларни бирлаштириб” мавзусидаги халқаро анжуман иш бошлади.
Россия истеъмолчилар кооперациясининг 190 йиллиги ва Татаристон Республикаси истеъмолчилар кооперациясининг 110 йиллигига бағишланган мазкур йирик анжуманда 31 давлатдан халқаро ташкилотлар, экспертлар, бизнес ва таълим муассасалари вакиллари, ёшлар ҳамда кооперация тизими раҳбарлари тўпланди.
“Қозон Экспо” мажмуасида ўтказилаётган “АгроВолга-2026” халқаро саноат кўргазмаси билан бир вақтда ташкил этилган тадбир доирасида ялпи мажлис, турли мавзулар бўйича шўъба йиғилишлари, халқаро учрашувлар, икки томонлама музокаралар ўтказилмоқда.
Ялпи йиғилишда Россия Президенти Владимир Путиннинг форум иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Қутловда ушбу анжуман давлат идоралари, экспертлар ҳамжамияти, бизнес вакиллари ва ёш мутахассисларни бир майдонда бирлаштиргани таъкидланиб, кооперация тизими озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозор рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин эгаллаши қайд этилган.
Россия Марказий истеъмолчилар жамиятлари иттифоқи раиси Дмитрий Зубов форум кооперация соҳасининг замонавий ривожланиш моделини шакллантириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш майдонига айланганини таъкидлади.
Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов форумни республикада ўтказиш қарори маҳаллий кооператорларнинг кўп йиллик меҳнатига берилган юксак баҳо эканини қайд этди.

– Истеъмол кооперацияси бой тарихга эга, – деди Рустам Минниханов. – Мазкур жараёнда тараққиёт босқичи ҳам, синовли йиллар ҳам бўлди. Кооператорларнинг фидокорона меҳнати туфайли бу ноёб тизимни сақлаб қолдик ва бугун ҳам изчил ривожлантирмоқдамиз. Республикада 2022 йилдан буён кооперация тизимида кўрсатилаётган хизмат ҳажми 11 фоиз ошди. Давлат томонидан махсус автотранспорт, ишлаб чиқариш ускуналари, модулли савдо нуқталари, ижтимоий аҳамиятга эга ишлаб чиқариш мажмуаларини қўллаб-қувватлаш бўйича дастур амалга оширилмоқда. Бугунги кунда кооперация ташкилотлари Татаристоннинг барча туманларида фаолият юритиб, 1310 аҳоли манзилини автолавка орқали хизмат билан таъминламоқда. Республикада 152 қишлоқ дўкони қурилган, “Около” савдо тармоғини янада кенгайтириш режалаштирилган.

Маросим доирасида Татаристон Республикаси, Россия Марказий истеъмолчилар жамиятлари иттифоқи ва Татаристон истеъмолчилар кооперацияси ташкилотлари иттифоқи ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган уч томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА
Қозон, Россия