Қўшничилик дипломатиясининг янги босқичи: Ўзбекистон Марказий Осиёни қандай бирлаштирмоқда?
Сўнгги йилларда Марказий Осиё ҳақида гап кетганда энг кўп тилга олинаётган тушунчалардан бири – ишонч бўлмоқда. Бир вақтлар чегаралар, сув тақсимоти, транспорт алоқалари ва савдо тўсиқлари билан боғлиқ муаммолар минтақа давлатлари муносабатларини чеклаб келган бўлса, бугун вазият мутлақо бошқача манзара касб этмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур ўзгариш ташқи кучлар таъсири остида эмас, балки минтақа давлатларининг ўз ташаббуси ва сиёсий иродаси билан юз бермоқда.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшничилик дипломатияси сўнгги йилларда устувор йўналишга айланди. Бу фақат яхши муносабатлар ўрнатиш ёки расмий учрашувлар сонини кўпайтиришдан иборат эмас. Гап хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва гуманитар соҳаларни бирлаштирувчи яхлит минтақавий маконни шакллантириш ҳақида кетмоқда. Ана шу ёндашув туфайли Марказий Осиё халқаро майдонда тобора яхлит субъект сифатида намоён бўла бошлади.
Яқин ўтмишга назар ташласак, минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар ҳар доим ҳам бугунгидек очиқ бўлмаганини кўрамиз. Чегаралар бўйича келишмовчиликлар, транзит чекловлари ва ўзаро ишончнинг паст даражаси иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермаган. Шу сабабли Марказий Осиё кўп йиллар давомида географик жиҳатдан ягона ҳудуд бўлса-да, сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан парчаланган макон сифатида баҳоланиб келган.
Бугун эса вазият тубдан ўзгармоқда. Сиёсий мулоқот мунтазам тус олди, давлат раҳбарлари учрашувлари институционал шаклга эга бўлди, чегара масалалари бўйича ечимлар топилди. Хусусан, 2025 йилда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида кўп йиллик баҳсли ҳудудлар бўйича келишувга эришилгани бутун минтақа учун муҳим воқеага айланди. Бу жараёнда Ўзбекистон нафақат кузатувчи, балки минтақадаги ишонч муҳитини мустаҳкамлаш тарафдори сифатида фаол иштирок этди.
Тошкентнинг асосий ютуғи шундаки, қўшничилик дипломатияси энди икки томонлама муносабатлар доирасидан чиқиб, минтақавий сиёсатнинг асосий тамойилига айланмоқда. Бугун Марказий Осиё давлатлари сув ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда ташқи бозорларга биргаликда чиқиш каби масалаларда умумий манфаатларни илгари сурмоқда. Бу эса минтақа мамлакатларининг халқаро иқтисодий жараёнлардаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қўшничилик дипломатиясининг янги босқичи халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. 2026 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеясида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган резолюциянинг қабул қилиниши бунинг яққол далили бўлди. Ҳужжат айнан минтақа давлатлари ўртасидаги мулоқот ва ўзаро ҳамкорликнинг янги даражага кўтарилганини тасдиқлади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги дипломатик фаоллик фақат минтақа ичидаги муносабатлар билан чекланмаяпти. Самарқандда ўтказилган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити минтақа давлатларининг ягона платформадан туриб халқаро ҳамкорлар билан мулоқот қилиш имкониятини намоён этди. Илгари ташқи кучлар Марказий Осиё мамлакатлари билан алоҳида-алоҳида ишлашни афзал кўрган бўлса, ҳозирда бутун минтақага ягона стратегик макон сифатида қараш тенденцияси кучаймоқда.
Энг муҳими, Марказий Осиё халқаро муносабатларнинг объектидан аста-секин субъектига айланмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон илгари сураётган қўшничилик дипломатияси ҳал қилувчи аҳамият касб этяпти. Транспорт йўлаклари, энергетика тармоқлари, трансчегаравий сув ресурслари ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича умумий ёндашув шаклланаётгани минтақа манфаатларини глобал миқёсда самаралироқ ҳимоя қилиш имконини бермоқда.
Транспорт йўлаклари, иқтисодий манфаатлар ва Марказий Осиёнинг янги сиёсий вазни
Қўшничилик дипломатиясининг самарадорлиги аввало иқтисодий кўрсаткичларда намоён бўлади. Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо ҳажмининг сезиларли ўсиши айнан сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланганининг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда. Бир неча йил аввалгача чегараларда юкларнинг кунлаб ушланиб қолиши, божхона жараёнларининг мураккаблиги ва транзит билан боғлиқ чекловлар тадбиркорлар учун асосий муаммолардан бири эди. Бугун эса минтақа давлатлари ташқи бозорларга чиқишда бир-бирини рақиб эмас, балки шерик сифатида кўра бошлади.
Бу жараён айниқса транспорт соҳасида яққол кўринмоқда. Дунёда логистика йўналишлари учун рақобат кучайиб бораётган бир пайтда Марказий Осиё Евроосиё қитъасининг муҳим боғловчи ҳалқасига айланиш имкониятига эга. Хитойдан Европа бозорларига, Жанубий Осиёдан Россия ва Кавказга чиқувчи кўплаб йўналишлар минтақа ҳудуди орқали ўтади. Шу боис транспорт инфратузилмаси энди иқтисодий эмас, балки геосиёсий аҳамиятга ҳам эга масала сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон мазкур жараёнда фақат иштирокчи эмас, балки ташаббускор давлат сифатида ҳаракат қилмоқда. Мамлакатнинг денгизга чиқиш имконияти йўқлиги ташқи савдо ва транзит соҳасида қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорликни ҳаётий заруратга айлантиради. Шу нуқтаи назардан қараганда, қўшничилик дипломатияси ташқи сиёсатнинг алоҳида йўналиши эмас, балки миллий иқтисодий тараққиёт стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Транскаспий халқаро транспорт йўлагига қизиқишнинг ортиши ҳам минтақа аҳамиятини янада кучайтирди. Россия-Украина уруши туфайли анъанавий логистика занжирларида юзага келган ўзгаришлар Европа, Хитой ва бошқа иқтисодий марказларни янги маршрутлар излашга ундади. Натижада Марказий Осиё орқали ўтувчи йўналишлар нафақат иқтисодий, балки стратегик аҳамият касб эта бошлади.
Бу ўзгаришлар ташқи сиёсий майдонда ҳам ўз аксини топмоқда. Илгари минтақа давлатлари билан асосан икки томонлама муносабатлар доирасида ишлаган ташқи кучлар бугун Марказий Осиё билан ягона макон сифатида мулоқот қилишга интилаяпти. Европа Иттифоқи, Хитой, Туркия, Форс кўрфази давлатлари ва бошқа йирик ўйинчиларнинг минтақага қизиқиши ортиб бормоқда. Муҳими, Тошкент бу жараёнда мувозанатли ташқи сиёсат тамойилини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Айниқса, кейинги икки йилда минтақа давлатларининг халқаро саммитларда умумий позиция билан иштирок этаётгани эътиборга молик. Бу ҳолат Марказий Осиёнинг сиёсий вазни ошиб бораётганини кўрсатади. Илгари ташқи кучлар томонидан қабул қилинган қарорлар таъсирига кўпроқ дуч келган минтақа бугун муайян масалаларда ўз кун тартибини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини доимий мулоқот майдони сифатида ривожлантириш ташаббуси муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу формат йиллар давомида минтақа давлатлари ўртасида йиғилиб қолган кўплаб масалаларни ҳал қилишга хизмат қилди. Энг асосийси, давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам мулоқот механизми шаклланди.
Бироқ қўшничилик дипломатиясининг келажаги фақат расмий учрашувлар ёки қўшма баёнотлар билан белгиланмайди. Унинг ҳақиқий самараси чегараолди ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳаётида, савдо айланмасида, транспорт харажатларининг камайишида ва янги иш ўринлари яратилишида намоён бўлади. Агар сиёсий келишувлар иқтисодий ва ижтимоий натижалар билан мустаҳкамланса, Марказий Осиё интеграцияси барқарор тус олади.
Ҳозирги босқичнинг асосий хусусияти шундаки, минтақа давлатлари ҳамкорликни ташқи таҳдидларга қарши вақтинчалик чора сифатида эмас, балки узоқ муддатли тараққиёт модели сифатида қабул қила бошлади. Бу эса Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшничилик дипломатияси навбатдаги дипломатик ташаббус эмас, балки бутун минтақа келажагини белгилаб бериши мумкин бўлган стратегик концепцияга айланаётганини англатади.
Марказий Осиё тарихида биринчи марта минтақа давлатлари ўртасидаги яқинлашув ташқи босим ёки геосиёсий мажбурият натижаси эмас, балки умумий манфаатларга асосланган табиий эҳтиёж сифатида шаклланмоқда. Ана шу жиҳат бугунги жараёнларнинг энг муҳим ва узоқ муддатли аҳамиятини белгилаб бермоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА