Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни асраш ва ёввойи ҳайвонлар популяциясини барқарор сақлаш экологик сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги қўриқланадиган табиий ҳудудларда мунтазам равишда биотехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу тадбирларнинг асосий мақсади қиш мавсумида ёввойи ҳайвонларни қўллаб-қувватлаш, оғир об-ҳаво шароитларининг табиий экотизимларга салбий таъсирини камайтириш ҳамда биологик мувозанатни сақлаб қолишдан иборат. Бу каби ишлар “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи, Зарафшон миллий табиат боғи, Зомин давлат қўриқхонаси, Зомин миллий табиат боғи, Хоразм миллий табиат боғи ва мамлакатимизнинг бошқа қўриқланадиган табиий ҳудудларида изчил равишда олиб борилмоқда.

Биотехник тадбирлар доирасида мутахассислар томонидан ёввойи ҳайвонлар учун махсус озуқа майдончалари ташкил этилиб, уларга мунтазам хизмат кўрсатилмоқда. Қиш мавсумида ҳайвонларни қўшимча озиқлантириш ишлари амалга оширилиб, шу билан бирга уларнинг табиий озуқа базасини сақлаб қолиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, қўриқланадиган ҳудудларда доимий экологик мониторинг йўлга қўйилган. Жараён давомида ҳайвонларнинг фаоллиги кузатилади, озуқа майдончаларидан фойдаланиш даражаси ўрганилади ҳамда табиий муҳитнинг умумий ҳолати баҳоланади. Бу эса мавжуд вазиятни холис таҳлил қилиш ва зарур қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Кузатувлар натижаларига кўра, об-ҳаво шароитлари ва бошқа ташқи омилларнинг экотизимларга таъсири чуқур таҳлил қилинади. Зарурат туғилганда биотехник тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида иш режаларига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Олинган маълумотлар келгусида амалга ошириладиган тадбирларни режалаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА