Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қорақалпоғистонни 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 21 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни тасдиқлаш тўғрисида” (ПҚ–70-сон) қарори билан ҳудудни барқарор тараққий эттириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил якунига қадар ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 8,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 8 фоизга ошириш режалаштирилган.  

Шунингдек, ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағаллик даражасини эса 3,2 фоизгача камайтириш мақсад қилинган. Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилмоқда.

Қарорда 2030 йилга мўлжалланган стратегик кўрсаткичлар ҳам белгиланган. Унга мувофиқ, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 102,4 трлн. сўмга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини 28,9 трлн. сўмга етказиш режалаштирилган. Саноат ва хизматлар соҳасида жами 7,2 млрд. АҚШ доллари эквивалентидаги лойиҳаларни амалга ошириш, экспорт ҳажмини эса 900 млн. АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.

Ҳужжат доирасида бошқарув тизимида ҳам ўзгаришлар амалга оширилади. Хусусан, Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, унинг ўрнига яйловлардан самарали фойдаланиш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш ва чорвачиликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосар лавозими жорий этилади.

Мазкур қарорни ҳудудда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Ҳамроз Баёнов, ЎзА