Қонун устуворлиги – инсон манфаатлари кафолати
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, айниқса, меҳнат муносабатларида адолатни қарор топтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Адлия органларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Хусусан, Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, адлия органлари давлат идоралари фаолиятида қонунларни бир хил ва тўғри қўллашни таъминлаш, шунингдек, фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш вазифасини амалга оширмоқда.
Жорий йилнинг 12 мартидан 12 апрелига қадар Республика ҳудудида ўтказилган “Хотин-қизлар ҳуқуқи кафолати” акцияси доирасида Касби туман адлия бўлимига туман давлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган 27 нафар ҳамширадан мурожаат келиб тушди. Уларда асосан иш стажи етарли бўлишига қарамай, устама пуллари тўланмаётгани қайд этилган.
Мурожаатлар атрофлича ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам 27 нафар ҳамширага амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда жами 24 миллион 889 минг сўмдан ортиқ устама пуллари тўланмагани аниқланди. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, тиббиёт ходимларига иш стажига қараб белгиланган миқдорда устама тўланиши шарт.
– Жорий акция давомида келиб тушган мурожаатлар асосида ўрганишлар олиб борилди. Натижада, 25 миллион сўмга яқин устама пуллари тўланмаётгани аниқланиб, тегишли тақдимнома киритиш орқали ундириб берилди, – дейди туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Қадриддин Ҳайитов.
Адлия органлари томонидан киритилган таъсир чоралари натижасида қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилди ва ҳамшираларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
– Тумандаги 1-давлат мактабгача таълим ташкилотида 14 йилдан буён ишлайман, – дейди ҳамшира Нилуфар Аҳмедова. – Устама тўловлари масаласида бир неча бор мурожаат қилганмиз. Қонунга кўра тўланиши лозим бўлган маблағлар берилмагач, адлия бўлимига мурожаат қилдик. Натижада муаммоларимиз ижобий ҳал этилди.
[gallery-29099]
Қайд этиш жоиз, Қашқадарё вилояти бўйича ҳам мурожаатлар билан ишлаш тизими изчил йўлга қўйилган. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1-чораги давомида вилоят адлия органларига жами 296 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 232 таси ҳал этилган. Хусусан, 93 та мурожаат қаноатлантирилган, 129 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 32 таси тегишлилигига кўра бошқа ташкилотларга юборилган. Айни пайтда 32 та мурожаат ўрганиш жараёнида қолмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, қонун талабларига қатъий риоя этиш, айниқса, меҳнат муносабатларида адолатни таъминлаш – ҳар бир раҳбар ва масъул шахснинг устувор вазифаси бўлиб қолмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири