Қишлоқ аёллари: меҳнат фаолияти ва ривожланиш имкониятлари
Қишлоқ ҳудудларида хотин-қизлар иқтисодий ва ижтимоий жараёнларнинг муҳим иштирокчилари ҳисобланади.
Опа-сингилларимиз деҳқончилик, чорвачилик, пиллачилик, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлаш, касаначилик ҳамда оилавий тадбиркорлик каби йўналишларда фаолият олиб боради. Мазкур фаолият турлари хонадонлар даромадини шакллантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳолининг иқтисодий фаоллигини таъминлаш билан боғлиқ. Шу билан бирга, қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи аёлларнинг бандлиги, касбий тайёргарлиги ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳам алоҳида ўрганишни талаб этади.
Ҳар йили 15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида нишонланади. Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрда қабул қилинган резолюцияси асосида белгиланган бўлиб, қишлоқ аёлларининг жамият ҳаётидаги иштироки, меҳнат фаолияти ва иқтисодий имкониятлари билан боғлиқ масалаларни кенгроқ ёритишга қаратилган. Шунингдек, бу кун қишлоқ ҳудудларида хотин-қизлар учун мавжуд шароитлар ва ривожланиш йўналишларига эътибор қаратиш имконини беради.
Ўзбекистонда аёллар қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги тармоқларида турли шаклларда меҳнат қилади. Улар экин етиштириш, чорва парвариши, пиллачилик ва иссиқхона хўжаликлари билан боғлиқ ишларга жалб этилган.
Маълумки, қишлоқ хўжалигида иш билан банд бўлиш шакллари бир хил эмас. Айрим аёллар мавсумий ишлар билан шуғулланса, бошқалари оилавий хўжаликлар доирасида меҳнат қилади ёки расмий иш жойларида фаолият юритади. Бандлик туридаги ушбу фарқлар даромадларнинг мунтазамлиги, меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимоя чораларидан фойдаланиш имкониятларига таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли, қишлоқ жойларида меҳнат бозорини ривожлантиришда иш ўринларининг барқарорлиги, касбий кўникмаларни шакллантириш ва аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳим ҳисобланади.
Қишлоқ иқтисодиёти фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланмайди. Маҳсулотларни қайта ишлаш, тикувчилик, ҳунармандчилик, маиший хизматлар ва оилавий бизнес каби фаолият турлари ҳам даромад олиш манбаларини диверсификация қилишга хизмат қилади. Бу йўналишларда ишлаш учун касб-ҳунар ўрганиш, зарур ускуналардан фойдаланиш, молиявий ресурсларга эга бўлиш ва бозор талабини тушуниш муҳим аҳамиятга эга. Рақамли технологияларни ўзлаштириш эса маҳсулотларни кенгроқ бозорларга олиб чиқиш имкониятларини ошириши мумкин.
Мамлакатимизда аграр соҳада меҳнат қилаётган аёлларга янада кенгроқ имкониятлар яратиш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиш, моддий ва маънавий борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган механизмлар қаторида «Аёллар дафтари» тизими ҳам мавжуд. Унинг доирасида эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ҳолатини ўрганиш ва белгиланган мезонлар асосида уларга тегишли ёрдам кўрсатиш чоралари назарда тутилган. Бундай механизмларнинг амалий натижаларини баҳолашда кўрсатилган ёрдам турлари, қамраб олинган аҳоли сони ва кейинги даврдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ҳисобга олиш мумкин.
Қишлоқ аҳолисининг иқтисодий фаоллиги ва кундалик ҳаёти кўп жиҳатдан инфратузилма ҳолатига боғлиқ. Ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминоти, транспорт ва интернет хизматларининг мавжудлиги ҳамда сифати турли ҳудудларда фарқланиши мумкин. Инфратузилмадаги мавжуд тафовутлар маиший вазифаларни бажариш, иш жойига бориш, таълим олиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш жараёнларига таъсир кўрсатади.
Шу муносабат билан, қишлоқ жойларида коммунал хизматлар қамровини кенгайтириш, йўл ва транспорт тизимини такомиллаштириш ҳамда интернет алоқаси сифатини яхшилаш аҳамиятли вазифалардан саналади. Бундай чоралар аҳолининг турли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши, шунингдек, масофавий таълим ва электрон хизматлардан фойдаланиш учун қулай шароит яратиши мумкин.
Тиббий хизматлардан фойдаланиш масаласи ҳам қишлоқ ҳудудларидаги ижтимоий шароитнинг муҳим таркибий қисмидир. Тиббиёт муассасаларининг жойлашуви, транспорт қатнови ва тиббий хизматлар сифати аҳолининг зарур ёрдам олиш имкониятига таъсир этувчи омиллар ҳисобланади. Бирламчи тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, профилактик текширувларни ташкил этиш ва зарур ҳолатларда кўчма тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ривожлантириш ушбу соҳадаги ривожида алоҳида ўрин эгаллайди.
Таълим олиш ва болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ шароитлар аёлларнинг меҳнат фаолиятида иштирок этишига ҳам таъсир кўрсатади. Мактабгача таълим ташкилотларининг мавжудлиги, касбий ўқув курсларига бориш имконияти ва таълим муассасаларининг ҳудудий жойлашуви ишлаш ёки мустақил бизнесни йўлга қўйиш қарорларида аҳамият касб этади. Шунингдек, рақамли саводхонликни ривожлантириш орқали онлайн таълим олиш, масофадан ишлаш ва электрон савдо майдонларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайиши мумкин.
Қишлоқ аёлларининг касбий ривожланишига таъсир қилувчи омилларни баҳолашда оилавий мажбуриятлар ва маҳаллий шароитларни ҳам инобатга олиш зарур. Вақт ресурслари, транспорт харажатлари, молиявий имкониятлар ва таълим хизматларининг мавжудлиги касбий тайёргарликдан ўтиш ёки иш фаолиятини кенгайтиришга таъсир қилиши мумкин. Шу боис қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқишда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳоли эҳтиёжларини ўрганиш муҳимдир.
Қишлоқ ҳудудларида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бир нечта йўналишни қамраб олади. Жумладан, касбий таълим имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун молиявий хизматлардан фойдаланишни енгиллаштириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва меҳнат ҳамда ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бўйича ахборот бериш шулар жумласидан. Бундан ташқари, маҳаллий бозорларга чиқиш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш имкониятларини яхшилаш ҳам иқтисодий фаолият самарадорлигига таъсир кўрсатиши мумкин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини аниқлаш учун мунтазам статистик кузатув ва баҳолаш тизими муҳим ўрин тутади. Бунда яратилган иш ўринлари сони, расмий бандлик кўрсаткичлари, даромадлар ўзгариши, касбий таълимда иштирок этиш даражаси ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари каби мезонлардан фойдаланиш мумкин. Мазкур кўрсаткичларни ҳудудлар ва вақт даврлари бўйича таққослаш қишлоқ аёлларининг меҳнат шароитлари ҳамда иқтисодий имкониятларидаги ўзгаришларни холис баҳолашга ёрдам беради.
Умуман олганда, қишлоқ аёлларининг меҳнат фаолияти ва ижтимоий имкониятлари иқтисодий шароит, инфратузилма, таълим, тиббий хизматлар ва оилавий омиллар билан узвий боғлиқ. Ушбу йўналишлардаги ҳолатни мунтазам ўрганиш ва мавжуд эҳтиёжларни ҳисобга олиш қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада аниқ режалаштириш имконини беради.
Н.Усмонова, ЎзА