Қидирувдаги автомашина устахонадан топилди
Мажбурий ижро бюроси Зарафшон шаҳар бўлими томонидан олиб борилган тезкор ижро ҳаракатлари натижасида қарздорнинг яширилган автотранспорт воситаси аниқланди ва коммунал қарздорлик тўлиқ ундирилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти судининг 2026 йил 20 майдаги ижро варақасига асосан, қарздор З. Ф.дан «Навоий сув таъминоти» АЖ фойдасига 117 миллион 579 минг сўм миқдоридаги қарздорликни ундириш белгиланган эди. Мазкур ижро ҳужжати 2026 йил 11 июнь куни Мажбурий ижро бюросининг Зарафшон шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор фуқарога белгиланган ихтиёрий муддатда қарздорликни бартараф этиш имконияти берилган, бироқ тўловлар амалга оширилмаган. Шундан сўнг, давлат ижрочилари томонидан қарздорга тегишли бўлган автотранспорт воситасига нисбатан 2026 йил 30 июнь куни қидирув эълон қилинган.
Бюро ходимлари томонидан кўрилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида 2026 йил 6 июль куни қидирувда бўлган автомашина Зарафшон шаҳридаги устахоналарнинг биридан топилди ва белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида «Навоий сув таъминоти» АЖ фойдасига 117 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ҳамда белгиланган ижро йиғими пуллари тўлиқ ундирилиши таъминланди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА