Қашқадарёга навбатдаги 38 та замонавий автобус олиб келинди
Қарши шаҳри жамоат транспорти тизимини янада такомиллаштириш мақсадида навбатдаги 38 та замонавий автобус олиб келинди.
Мазкур автобуслардан фойдаланишга топшириш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, нуронийлар, мутасадди ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда ҳайдовчилар иштирок этди.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Қарши шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаси” ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими сўзга чиқиб, аҳолига замонавий ва сифатли транспорт хизмати кўрсатишга қаратилган бундай лойиҳалар юртдошлар учун янада қулай шароит яратишга хизмат қилишини таъкидлади. Шундан сўнг автобуслар калитлари ҳайдовчиларга топширилди ва иштирокчилар янги транспорт воситаларида яратилган қулайликлар билан танишди.
Маълум қилинишича, ташаббускор тадбиркорлар томонидан олиб келинган 38 та автобус Қарши шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режасида белгиланган икки йўналишда йўловчиларга хизмат кўрсатади.
[gallery-30473]
Натижада Қарши шаҳрида брутто-шартнома тизими асосида фаолият юритаётган автобус йўналишлари сони 14 тага, уларда ҳаракатланадиган автобуслар сони эса 164 тага етади. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган жамоат транспорти хизмати сифати ва қамровини янада оширишга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА