Қалбларни яқинлаштирувчи маънавият маскани
Қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро яна бир бор ўзининг бетакрор жозибаси, юксак маънавий муҳити ва меҳмондўстлиги билан халқаро меҳмонларни қарши олди.
Асрлар давомида илм-фан, маърифат ва тасаввуф марказларидан бири бўлиб келган бу муқаддас замин бу гал Туркия Республикасидан ташриф буюрган 129 нафар тариқатчи зиёратчиларни бағрикенглик билан кутиб олди. Улар юртимизга муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш, улуғ аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос билан яқиндан танишиш ҳамда Бухоронинг руҳий муҳитини ҳис этиш мақсадида келди.

Зиёрат давомида меҳмонлар Бухоронинг кўҳна кўчалари, тарихий обидалари ва муқаддас масканларини зиёрат қилиб, бу ерда яшаб ўтган буюк алломалар, муҳаддислар, мутафаккирлар ва авлиёлар ҳаёти ҳамда илмий мероси билан танишди. Ҳар бир зиёратгоҳ, ҳар бир тарихий қадамжо меҳмонларда чуқур таассурот қолдириб, уларга маънавий озуқа бағишлади.
Зиёратчилар учун вилоятнинг муқаддас жойларига саёҳатлар, маданий-маърифий тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу жараёнда меҳмонлар халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятлари, меҳмондўстлик анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқдалар. Шу билан бирга, ўзаро мулоқот ва тажриба алмашувлар орқали икки қардош халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланмоқда.

Маълумки, Бухоро азалдан ислом оламининг муҳим марказларидан бири сифатида эътироф этилган. Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний каби буюк зотлар номи билан шуҳрат қозонган бу табаррук замин бугун ҳам дунёнинг турли бурчакларидан келаётган зиёратчиларни ўзига чорламоқда. Бу эса шаҳарнинг нафақат тарихий аҳамияти, балки ҳозирги кунда ҳам юксак маънавий қийматга эга эканини англатади.
Бундай ташрифлар Бухоронинг халқаро зиёрат туризми салоҳиятини янада ошириш, унинг нуфузини юксалтириш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бундай мулоқотлар турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини кучайтиради.

Бухоро бугун ҳам ўзининг қадимий шукуҳи, бой тарихи ва юксак маънавияти билан инсонларни бирлаштирувчи маскан бўлиб қолмоқда. Туркиялик зиёратчиларнинг бу ташрифи эса Бухоронинг қалбларни яқинлаштирувчи, дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муқаддас шаҳар эканини яна бир бор намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА