“Қадим маҳаллам” – Тошкент тарихидан сўзловчи китоб
Таниқли журналист Шавкат Азизов азим пойтахтимиз – Тошкент шаҳри, унинг тарихи, муқаддас қадамжолари, ҳаёти, ибратли фаолияти, алломалар, буюк зотлар, фидойи ҳамюртларимиз, барчага ибрат бўлишга арзигулик оилалар ҳақида кўплаб қизиқарли маърифий кўрсатувлар, репортажлар, лавҳалар, телеочерклар тайёрлаган ижодкор сифатида машҳур.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Тошкент” телеканалида “Ҳамшаҳарлар”, “Менинг маҳаллам”, “Биз севган манзиллар” каби кўрсатувлар орқали намойиш этилган ушбу телематериаллар кутилмаган ва айни дамда қизиқарли маълумотларга бойлиги, оддий, равон, жайдари тили, ҳаётийлиги билан кўпчилигимизда катта таассурот қолдирган.
Яқиндагина устоз журналист Шавкат Азизовнинг “Қадим маҳаллам” деб номланган китобининг биринчи фасли нашрдан чиқди. Мазкур китоб Тошкент шаҳрининг қўҳна ва шонли тарихи, маҳаллалар, шаҳримизда қадимдан маълум ва машҳур бўлган ўн икки дарвоза, улуғ алломалар тарихидан сўзлаши билан қадрлидир.
Жумладан, ушбу рисолада муаллиф азим Тошкентнинг кўҳна Қўштут (Шошинтепа) маскани ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашади. Эски шаҳарнинг юраги бўлган Қўштут маҳалласини аслида Шоҳинтепа деб аталишини эшитганмисиз? Ҳамкасбимиз Шавкат Азизов Қўштутнинг узоқ ўтмишда Шоҳинтепа ёки Шошинтепа деб аталишини китобхонларга, юртдошларимизга илк бор талқин қилиб берди. Китобда шунингдек, Чиғатой дарвозаси, авлиё ва мўъжизакор Сиртмоқ ота ҳақида ҳам илк бор маълумотларга эга бўлиш мумкин. 19-асрнинг охирларида қўштутлик ҳунарманд ва заргар боболаримиз Парижда бўлиб ўтган халқаро танловларда олтин медаль олганини биласизми? Бу ва бошқа яна кўплаб қизиқарли маълумотларни шу китобдан топиш мумкин.
Муаллиф бир тадқиқотчи сифатида тарихий фактлар билан бирга халқ орасидаги ривоятлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишдан чўчимайди. Албатта, бу ривоятларнинг ҳақиқатми ё афсона эканлигини аниқлаш тарихчи олимларнинг вазифаси. Аммо гоҳо битта манба ҳам биз учун олтиндан қимматроқ аҳамиятга эга бўлади. Зеро, ўтмиш тарихимизнинг ўзгалар томонидан бузилган, бўрттирилган ва ўзгартирилган жиҳатлари анчагина бўлиб, бугун уларнинг чинларини ёлғонидан ажратиб олишда ўша битта манба муҳим аҳамият касб этиши ҳам мумкин.
– Суюкли Тошкент шаҳрим ҳақида ушбу китобни ёзишни узоқ йиллардан буён орзу қилиб юрардим, – деди китоб муаллифи, моҳир журналист Шавкат Азизов. – Аслида Тошкент тарихи уммонга ўхшайди. Ўтмишда кўплаб ижодкорлар, тарихчилар, сайёҳлар ва шарқшунослар қимматли асарлар ёзиб, муҳим маълумотлар қолдирган. Ўтган йиллар давомида уларни бирма-бир қараб чиқдим. Илмийликка даъвогарлигим йўқ, фақат ота-боболаримиз бизни доимо тарихни, етти пуштимизни билишга, ўзлигимизни англашга ундаб келганлари учун ҳам, шу азиз маконнинг бир фидойиси сифатида, ўзимни Тошкент тарихини тарғиб этишга ҳақли кишилардан бири деб биламан. Узоқ йиллар телевидениеда ишлаб, кўплаб қадим манзиллар, зиёратгоҳларнинг тарихи билан танишиб, Тошкентда яшаган алломалар, ижодкорлар, олимлар ҳаётини ўрганиб, амин бўлдимки, уларнинг ҳар бири ўзларини келажак олдида масъулиятли деб билганлар ва шунга яраша хизмат қилганлар. Бу кўҳна дунё биздан ҳам қолади.
Дарҳақиқат, мазкур китоб Тошкентга оид ғоят қизиқарли маълумотларга бойлиги билан аҳамиятли. Мазкур рисолада ҳаёти азим шаҳар билан бевосита боғлиқ бўлган Иброҳим Ота, Сузук Ота, Занги Ота, Шайх Зайниддин Кўйи Орифон, Хожа Муҳаммад Шоший Бағдодий, Хожа Иброҳим Шоший, Шайх Хованди Таҳур, Хожа Аҳрор Валий ва бошқа кўплаб улуғ зотлар билан боғлиқ гўшалар, маҳаллалар тарихи, қадимий масканлар, уларнинг қўҳна шаҳар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилади. Ушбу китобнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, у биз истиқомат қилаётган қадим шаҳарнинг биз билиб-билмаган бой ва бетакрор ўтмишидан бохабар этади.
Айтиш керакки, ушбу китоб Шавкат Азизовнинг “Туйғулар”, “Гул ва ҳаё”, “Ота уйи”, “Дардинг менга дармондир” каби китоблари каби ўқувчилар учун фойдали, қизиқарли бўлиши аниқ.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири