Пробация гуруҳи ҳисобидаги шахслар ижтимоий ҳаётга мослашмоқда
Сурхондарё вилоятида тезкор профилактик тадбирларнинг "Долзарб 40 кунлиги" доирасида пробация гуруҳи ҳисобида турувчи шахслар учун турли тадбирлар ташкил этилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбга қайта йўналтириш, турли спорт мусобақалари уюштириш орқали ижтимоий ҳаётга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шеробод тумани ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этган меҳнат ярмаркасига пробация гуруҳи ҳисобида турувчи назорат остидаги шахслар таклиф этилиб, жойлардаги бўш иш ўринлари билан таништирилди.


Шу куни пробация ҳисобида турган бир гуруҳ шахслар маҳаллалардаги жамоатчилик ишларига ишга жойлаштирилди. Икки нафарига касб-ҳунар эгаллаши учун йўлланма берилди.
Тадбир доирасида шунингдек, пробация гуруҳи ҳисобида турувчи назорат остидаги шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий муаммолари ҳам ўрганилди. Уларга келгусида мамлакатимизда фуқаролар учун яратилаётган шароитлардан тўғри фойдаланиб яшаш ва жиноят кўчасига кириб қолмаслик юзасидан тушунтириш берилди.


Узун тумани ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи ҳисобида турган назорат остидаги ёшлар ўртасида спортнинг волейбол, стол тенниси шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақа ўтказди.
Мутасаддиларнинг айтишича, пробация гуруҳи ҳисобида турган назорат остидаги ёшлар ўртасида қизиқарли спорт беллашувларини ташкил этиш уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириб, соғлом турмуш тарзига қайтариш, спортга қизиқишларини янада ошириб, такрорий жиноятлар содир этилиши ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири