Президентимиз Фарғонанинг саноат ва инвестиция салоҳияти билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев ташрифининг иккинчи куни Фарғона шаҳридаги Инвесторларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.
Фарғона шаҳрида ташкил этилган “Фарғона экспо” халқаро кўргазмалар маркази фаолияти вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини кенг намойиш этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш ва инвесторлар учун қулай сервис муҳитини яратишга қаратилган.

Марказ нафақат кўргазма майдони, балки тадбиркорлар ва инвесторлар учун яхлит мулоқот майдончаси вазифасини ўтамоқда.
Беш гектар майдонни эгаллаган мажмуада 200 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларини намойиш этиш имконияти яратилган.

Янги барпо этилган 8 қаватли бинонинг дастлабки икки қавати савдо, инвестиция ва тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар учун ажратилган. Юқори қаватлар эса инвесторлар ва бизнес вакиллари учун офис сифатида тақдим этилади.
Марказда йил давомида 15 та тармоқ йўналиши бўйича доимий кўргазма-ярмарка фаолият юритади. Бу ерда давлат идоралари, ишлаб чиқарувчилар, экспортчилар ва инвесторлар бир майдонда учрашиб, амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўлади.

Фарғона тажрибасининг самарадорлигини инобатга олган ҳолда, бундай замонавий кўргазма залларини Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам барпо этиш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёевга Фарғона шаҳрида инвестор ва тадбиркорлар учун жорий этилган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви ахборот тизими” платформалари ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, invest.gov.uz ва pmi.miit.uz платформалари маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни ягона рақамли майдонда бирлаштириб, инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнларини очиқ ва шаффоф ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Ягона инвестиция платформаси “ягона дарча” тамойили асосида ишлайди. У орқали инвестор ҳудудларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, тайёр инвестиция лойиҳалари билан танишади, ўзига мақбул йўналишни танлайди ва шахсий кабинет орқали зарур жараёнларни кузатиб боради.

Инвестор лойиҳа бўйича ишларни мустақил юритиши ёки ваколатли консультант хизматидан фойдаланиши мумкин. Юборилган сўровлар Инвестиция вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан интеграциялашган платформада акс этади. Ҳар бир босқич бўйича муддатлар автоматик белгиланади, ижро масъул менежер томонидан назорат қилинади.
Кечикиш ёки муаммоли ҳолатлар юзага келганда, масала Ҳукумат комиссияси муҳокамасига киритилиб, тезкор қарор қабул қилинади. Бундай рақамли ечимлар тадбиркорлар учун қулайлик яратиб, инвестиция муҳитига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.

Фарғона вилоятида инвесторлар ва консалтинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам самарали йўлга қўйилган. Бу янги лойиҳаларни шакллантириш, уларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан пухта тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Президентга вилоят учун таклиф этилаётган қатор йирик инвестиция лойиҳалари тақдим қилинди. Жумладан, Хитой билан ҳамкорликда “Евросиё халқаро савдо маркази”ни барпо этиш, Жанубий Корея билан биопеллет ишлаб чиқариш ва иссиқлик энергияси станциясини ташкил этиш, Туркия билан замонавий тиббиёт кластерини шакллантириш режалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Франция, Испания, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар билан ҳамкорликда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган йирик инфратузилмавий лойиҳа тақдим этилди.
Вилоятда 5 юлдузли меҳмонхона ва замонавий конгресс-холл қуриш, Қувасой шаҳрида янги форматдаги истироҳат боғини ташкил этиш, электромобиллар учун аккумулятор ишлаб чиқариш каби истиқболли ташаббуслар ҳам кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари марказда Фарғона вилоятининг саноат ва хизмат кўрсатиш салоҳиятига оид кўргазмалар билан танишди. Ҳунармандчилик, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик, чарм-пойафзал ва заргарлик соҳаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди.
Иккинчи йирик залда озиқ-овқат саноати, экологик транспорт, нефть-газ тармоғи, мебелсозлик, фармацевтика ва кимё саноатига оид маҳсулотлар тақдимоти ташкил этилди. Бу кўргазмалар ҳудудда ишлаб чиқариш тармоқлари кенг қамровда ривожланаётганини намоён қилди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари хорижий тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, олтинни қайта ишлаш фабрикаси фаолиятини кенгайтириш, замонавий кабель ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш билан боғлиқ ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.
Президент тадбиркорларни қийнаётган масалаларни тинглаб, уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Барча лойиҳаларни амалга оширишда тезкорлик, самарадорлик ва очиқликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.