Президент Олимпиадаси: учта йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди
Президент Олимпиадаси доирасида таэквондо WT, велотрек ва теннис бўйича мусобақалар якунланди. Беллашувлар натижасида бир қатор ёш спортчилар ўз йўналишларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Мусобақанинг таэквондо WT бўйича ўғил болалар ўртасида учта вазн тоифасида ўтган беллашувларнинг –37 килограмм вазнида Бегзод Йўлдошев (Наманган), –53 килограммда Диёрбек Каримов (Тошкент вилояти), +65 килограммда эса Отабек Абдулғозиев (Жиззах) олтин медалга сазовор бўлди.
Қизлар ўртасида –37 килограмм вазнда Малика Алимқулова (Жиззах), –51 килограммда Ширина Серикбаева (Тошкент вилояти), +59 килограммда Бахтинур Сарсенбаева (Қорақалпоғистон Республикаси) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Велотрек бўйича мусобақаларнинг сўнгги кунида ўсмирлар ва ўсмир қизлар ўртасида гуруҳ пойгаси ўтказилди.Ўсмирлар ўртасида Меҳрож Бойсариев (Жиззах) биринчи, Максим Солуянов (Тошкент шаҳри) иккинчи, Жаҳонгир Алимов (Тошкент вилояти) учинчи ўринни эгаллади.
Қизлар ўртасида эса Милана Яровая (Сирдарё) ғолиб бўлди. Камола Мадусмонова (Тошкент вилояти) кумуш, Акмарал Садикова (Қорақалпоғистон Республикаси) бронза медалига сазовор бўлди.

Теннис бўйича мусобақаларнинг барча йўналишларида ҳам ғолиб ва совриндорлар маълум бўлди. Ўғил болалар ўртасида яккалик баҳсларида С. Фарҳодов (Қашқадарё), жуфтликда эса С. Фарҳодов ва Д. Закиров (Қашқадарё) чемпионга айланди.
Қизлар ўртасида яккалик беллашувларида О. Ҳакимова (Қашқадарё), жуфтлик йўналишида З. Низамиева ва М. Захарова (Тошкент шаҳри) ғолиб бўлди. Аралаш жуфтлик баҳсларида эса С. Фарҳодов ва О. Хакимова (Қашқадарё) биринчи ўринни эгаллади.
Президент Олимпиадаси ёш истеъдодларни аниқлаш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ва келгусида миллий терма жамоаларга муносиб номзодларни саралаб олишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, бундай мусобақалар ёш авлодни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишга хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА