«Президент кубоги» учун баҳслар бошланди
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да шахмат бўйича V халқаро «Президент кубоги» турнирига старт берилди.
Нуфузли мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган шахматчилар 6 декабрга қадар «Masters», «Open-A» ва «Open-B» гуруҳларида ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Умумий мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этувчи турнирда барча гуруҳларда классик шахмат бўйича тўққиз турдан иборат баҳслар ўтказилади.
«Masters» гуруҳининг дастлабки турида ҳамюртларимиз Муҳаммадзоҳид Суяров Ҳумоюн Бегмуратов билан, Жаҳонгир Воҳидов эса Абдималик Абдисалимов билан дона сурди.
Мазкур гуруҳда ўзбекистонлик шахматчилар билан бир қаторда Ҳиндистон, Германия, Франция, Украина ва Арманистон вакиллари ҳам ўз маҳоратини намойиш этмоқда.
Халқаро турнир мамлакатимиз шахматчилари учун хорижлик рақиблар билан куч синашиш, тажриба алмашиш ва спорт маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32781]
Мусобақа мамлакатимизда шахматни янада оммалаштириш, ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА