Пойтахтда ННТлар учун замонавий коворкинг иш бошлади
Пойтахтимиз марказида жойлашган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ташкил этилган замонавий коворкинг марказининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Мазкур тадбир фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Замонавий концепция асосида ташкил этилган мазкур марказ нафақат Тошкент шаҳри, балки ҳудудлардаги ННТ вакиллари учун ҳам мулоқот ва ҳамкорлик майдони вазифасини бажаради.
Тадбир доирасида ўтказилган очиқ мулоқотда иштирокчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Улар бугунги кунда фақат молиявий кўмак эмас, балки интеллектуал салоҳиятни ошириш ва методик ёрдамга эҳтиёж ортиб бораётганини таъкидлади. Шу муносабат билан коворкинг маркази қошида доимий экспертлар гуруҳи фаолият юритиши, улар томонидан янги ва кичик ННТларга халқаро донорлар билан ишлаш бўйича бепул маслаҳатлар берилиши режалаштирилган.
Мулоқот давомида грант маблағларини ажратишда шаффофликни таъминлаш, шунингдек, ҳудудий ННТларнинг техник имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-28970]
Тадбир якунида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг янгиланган веб-сайти ҳамда аъзолар учун ишлаб чиқилаётган мобиль иловалар тақдимоти ўтказилди.
Н.Раҳмонова, Н.Ҳайдаров(сурат), ЎзА