Полина Волобуева “Satellite” турнирида олтин медалга сазовор бўлди
Ўзбекистонлик рапирачи Полина Волобуева Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган “Satellite” туркумидаги халқаро турнирда барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.
Мусобақада 10 мамлакатдан спортчилар иштирок этди. Унда Полина Волобуева плей-офф босқичини мезбон мамлакат вакили Чаянутфат Шиннакердчокка қарши баҳс билан бошлади. Ҳал қилувчи ҳужумларда устунлик қилган юртдошимиз 15:11 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олди.
Кейинги босқичда франциялик Эмма Микага қарши баҳсда ҳам Полина ташаббусни қўлдан чиқармади. 15:9 ҳисобидаги ғалаба унга ярим финал йўлланмасини тақдим этди.
Финалга чиқиш учун бўлиб ўтган беллашувда украиналик Дария Миронюк Волобуевага жиддий қаршилик кўрсатди. Шунга қарамай, ўзбекистонлик рапирачи 15:11 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга чиқди. Олтин медаль учун кечган ҳал қилувчи баҳсда америкалик Вивьен Гурга қарши майдонга чиққан Волобуева яна бир ишончли ғалабани қайд этди — 15:10.
Шу тариқа, Полина Волобуева Бангкокдаги турнирда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА