Покистонда тиббиёт тизими қайта ислоҳ қилинади
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф “Жаҳон саломатлик куни” муносабати билан ўлкада соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қатъий киришилганини билдирди. Унинг таъкидлашича, саломатлик нафақат шахсий масала, балки иқтисодий ўсиш ва миллий барқарорликнинг асосий омили ҳисобланади. Ҳукумат соғлом жамият барпо этишни устувор вазифа сифатида кўрмоқда.
Мамлакат ҳукумати тиббиёт тизимини даволашга эмас, балки касалликларни олдини олишга қаратилган моделга ўтказмоқчи, деб ёзди “APP” ахборот агентлиги. Бош вазирга кўра, бу ёндашув барча фуқаролар учун тенг ва сифатли тиббий хизматни таъминлашга хизмат қилади.
Покистонда рақамли тиббиёт ҳам асосий йўналишлардан бирига айланган. Янги миллий сиёсат доирасида телемедицина, маълумотлар платформалари ва рақамли тизимлар жорий этилмоқда. Бу хизматлар шаффофликни ошириш ва қарорларни аниқ маълумотларга асослантиришга ёрдам беради. Шу орқали аҳолига кўрсатиладиган хизмат сифати яхшиланиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ҳукумат соғлиқни сақлашни молиялаштиришни кучайтиришга ҳам эътибор қаратмоқда. Суғурта тизимини кенгайтириш ва харажатларни назорат қилиш чоралари кўрилмоқда. Асосий мақсад — ҳеч бир фуқаро тиббий харажатлар сабаб қашшоқликка тушиб қолмаслиги.
Мусулмон Зиё, ЎзА