Педагогика талабалари билимлари ташқи диагностикадан ўтказилади
Педагогика йўналишларида кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш мақсадида талабаларнинг билимларини ташқи диагностикадан ўтказиш тартиби жорий этилди. Бу бўйича янги низом Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур тартибга кўра, ҳар ўқув йилида бир марта педагогика йўналишларида таҳсил олаётган 3-босқич талабаларининг билимлари тест синовлари орқали баҳоланади. Ташқи диагностика таълим сифати ва педагог кадрлар тайёрлаш даражасини таҳлил қилишга хизмат қилади.
Тест синовлари 50 та саволдан иборат бўлиб, уларни бажариш учун 45 дақиқа вақт ажратилади. Ҳар бир тўғри жавоб 2 балл билан баҳоланади ва энг юқори натижа 100 баллни ташкил этади.
Ташқи диагностика жараёнини ташкил этиш учун ҳар йили сентябрь ойида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан камида 5 нафар малакали мутахассисдан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилади.
Диагностика натижаларига кўра, ўртача 56 балл ва ундан юқори натижа қайд этган таълим йўналишлари "талабларга жавоб берадиган", 56 баллдан паст натижа кўрсатганлари эса “талабларга жавоб бермайдиган” деб баҳоланади.
Муҳими, ташқи диагностика натижалари талабаларнинг жорий ўзлаштириш кўрсаткичлари ёки рейтинг балларига таъсир қилмайди. Унинг асосий мақсади педагог кадрлар тайёрлаш сифати ҳолатини баҳолаш, муаммоларни аниқлаш ва таълим жараёнини такомиллаштиришдан иборат.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА