Патент вакиллиги институти: Интеллектуал мулк ҳимояси ва инновацион тараққиёт кафолати
Шарҳ
Замонавий дунёда ғоялар, ихтиролар, брендлар ва илмий ишланмалар ҳар қандай давлат иқтисодиётининг асосий драйверига айланиб бормоқда. Аммо ҳар қандай ноёб яратилган маҳсулот ёки бренд ҳуқуқий жиҳатдан ишончли ҳимоя қилинмаса, у ўз қадрини йўқотиши ёки муаллифсиз ўзлаштириб кетилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2026 йил 7 октябрдаги 542-сон қарори билан тасдиқланган Патент вакиллиги тўғрисидаги низом мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини янада такомиллаштириш, соҳага малакали кадрларни кенг жалб этиш ҳамда бизнес ва ижодкорлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.
Патент вакили — саноат намуналари, товар белгилари, ихтиролар ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш, уларга патент олиш ҳамда муаллифларнинг манфаатларини давлат органлари ва судларда ҳимоя қилиш бўйича махсус ваколатга эга бўлган юқори малакали мутахассис ҳисобланади. Оддий қилиб айтганда, ўз бизнесини бошлаётган тадбиркор ўз бренди ҳимоя қилинишини, олиму ихтирочи эса яратган технологиясининг патентланишини истаса, мазкур соҳа вакилларига мурожаат қилади. Улар ҳужжатларни тўғри тайёрлаш, экспертиза жараёнларидан ўтиш ва ҳуқуқий низоларнинг олдини олишда ишончли кафилдир.
Халқаро тажрибага назар ташласак, интеллектуал мулк ва патент вакиллиги институти глобал иқтисодиётнинг энг даромадли ва стратегик тармоқларидан бирига айланганини кўриш мумкин. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея ва Сингапур каби илғор давлатларда патент вакиллари инновацияларни тижоратлаштиришнинг асосий ҳалқаси ҳисобланади. Масалан, Жанубий Корея ва Японияда ҳар йиллик қайд этилаётган миллионлаб патентларнинг ортида айнан юқори малакали патент вакилларининг қатъий институционал тизими туради.
Бу мамлакатларда патент институтлари фақатгина ҳужжат расмийлаштириш билан чекланиб қолмасдан, илмий ишланмаларни бозорга олиб чиқиш, венчур капиталини жалб қилиш ва технологик трансферни таъминлашда бевосита қатнашади. Европа Иттифоқи ва АҚШ тажрибасида ҳам патент вакилларининг мақоми юридик масъулият ва профессионал стандартлар жиҳатидан юқори баҳоланади. Жумладан, Европа патент ведомствоси тизимида ишлаш учун номзодлар қатъий малака имтиҳонларини топширади ва уларнинг доимий равишда билимларини янгилаб бориши талаб этилади.
Қабул қилинган янги Низом соҳадаги бир қатор бюрократик тўсиқларни бартараф этиб, фаолиятни янада соддалаштирди ва шаффоф қилди. Хусусан, мутахассислар учун илгари мавжуд бўлган оғир аттестациядан ўтиш талаби бекор қилиниб, унинг ўрнига ҳар уч йилда малакани ошириш тартиби жорий этилди. Бу кадрларнинг доимий равишда ўз устида ишлаши ва билимларини янгилаб боришини таъминлайди. Шунингдек, эндиликда патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан берилиши белгиланди, бу эса ҳудудлардаги фуқаролар ва тадбиркорларга катта қулайлик яратади.
Бундан ташқари, патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ёки Тошкент давлат юридик университети томонидан Патент вакиллари Ассоциацияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши белгилангани соҳага назарий ва амалий жиҳатдан пухта тайёрланган кадрлар кириб келишини кафолатлайди. Барча патент вакиллари реестри «Интеллектуал мулк муҳофазаси» порталида эълон қилиб борилиши хизмат олувчилар учун шаффоф ва текшириладиган муҳитни яратади.
Шунингдек, амалдаги вакилларнинг гувоҳномаларини ортиқча тўловларсиз ва имтиҳонларсиз қайта расмийлаштириш белгилангани амалиётдаги мутахассислар фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистонда қабул қилинаётган мана шундай янги тартиблар юқоридаги каби илғор глобал стандартларга яқинлашиш ҳамда мамлакатимизда соҳанинг инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш тизимининг мустаҳкамланиши мамлакатга инвестициялар жалб қилиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда илмий-техникавий тараққиётни жадаллаштиришнинг гаровидир. Патент вакиллиги институтининг такомиллашуви эса юртимизда яратилган ҳар бир интеллектуал бойлик, ғоя ва бренд ишончли ҳуқуқий қалқон остида бўлишини таъминлайди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА