Паркентда уруш фахрийсига юксак эҳтиром кўрсатилди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкент вилоятида уруш ва меҳнат фахрийларини йўқлаш, уларга эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатиш тадбирлари давом этмоқда. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳудуд фаоллари билан бирга Паркент туманида умргузаронлик қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 102 ёшли Анорбой ота Жалилов хонадонида бўлди.

Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган учрашувда вилоят раҳбари Президентимизнинг уруш фахрийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг Анорбой отага давлатимиз раҳбари номидан 30 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.


Тадбир иштирокчилари юртимизда инсон қадрини улуғлаш, кексаларга эҳтиром кўрсатиш ва фахрийларни эъзозлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади. 9 май – Хотира ва қадрлаш кунининг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш ҳамда бугун сафимизда бўлган уруш ва меҳнат фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатишнинг амалий ифодаси экани қайд этилди.


Анорбой ота Жалилов 1924 йилда Тошкент вилоятининг Паркент туманида таваллуд топган. Улуғ Ватан уруши йилларида фронтга йўл олиб, 2-Беларус фронти сафида Украина, Польша ва Германияни озод қилиш жангларида иштирок этган.

Урушдан кейин эса у қўлига қурол эмас, қалам олди. Қарийб 30 йил давомида мактабда ўқитувчилик қилиб, юзлаб шогирдларни тарбиялади. Фахрийнинг кўкрагини безаб турган орден ва медаллар унинг жасорати, матонати ва Ватанга садоқатининг ёрқин рамзидир.

Анорбой ота бугунги эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига ҳамда халқимизга самимий миннатдорлигини билдириб, юртимиз тинчлиги, осойишталиги ва фарзандлар бахти учун дуо қилди. У киши бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш, Ватанни севиш ва уни асраб-авайлаш ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчи эканини таъсирчан сўзлар билан таъкидлади.
Тадбир давомида хонандалар томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар байрамона кайфиятга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
А.Мусаев, ЎзА