Параспортчи ўғил-қизларимиз матонати ва жасорати ҳам алоҳида эътироф этилди
– Бугун параспортчи ўғил-қизларимизнинг матонати ва жасоратини ҳам алоҳида эътироф этмоқчиман, – деди Президентимиз.
Яқинда якунланган Параосиё ўйинларида улар 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза – жами 145 та медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева олтин медаль билан бирга жаҳон рекордини ҳам ўрнатди. Лолахон Қодирова сузишда, Мадина Мухторова ва Каромат Омонова ядро улоқтиришда, Шаҳина Йигиталиева найза улоқтиришда, Наврўза Аҳмадова эса диск улоқтиришда Осиё рекордларини янгилади.
Егор Болотов тўртта, Хуршид Қодиров учта олтин медални қўлга киритди. Асила Мирзаёрова узунликка сакраш бўйича Параосиё ўйинлари рекордини янгилаб, иккинчи марта Осиёда тенгсиз эканини намоён этди.
Асила Мирзаёрова Осиё паралимпия қўмитасининг 2026-2030 йиллар учун спортчилар қўмитаси аъзоси этиб сайланди. Президентимиз буни ўзбек спортига халқаро эътироф намунаси сифатида баҳолади.
ЎзА