Пара шахматчиларимиз тантанали кутиб олинди
Самарқанд шаҳрида поёнига етган III Бутунжаҳон шахмат паралимпиадасида тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкент марказий темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.
Тарихий натижага эришган матонатли спортчиларимизни кутиб олиш маросимида пара спортчиларимизнинг яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари, мухлислар ва соҳа вакиллари иштирок этди.
Пара шахматчиларимизга гуллар ва эсдалик совғалари тақдим этилиб, уларнинг халқаро майдондаги муваффақияти муносиб эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, нуфузли мусобақада 36 та давлатдан 41 та жамоа ва 164 нафар пара шахматчи иштирок этди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси III Бутунжаҳон шахмат паралимпиадасида учта жамоа билан қатнашиб, биринчи жамоамиз тарихий натижани қайд этди.

Ҳал қилувчи 7-тур баҳсида Ўзбекистон-1 жамоаси Исроил вакилларини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, 11 очко билан мусобақада бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, миллий терма жамоамиз тарихда илк бор Бутунжаҳон шахмат паралимпиадасининг совриндорига айланди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА