Ўзбекистоннинг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси тайинланди
Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига асосан Умид Рустамович Шодиевни Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)даги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу масала Ўзбекистоннинг БАА билан ўзаро ишончга асосланган муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва туризм соҳаларида амалий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Сенаторлар ушбу номзод ташқи сиёсат соҳасида чуқур билим ва амалий кўникмалар ҳамда мамлакатимиз миллий манфаатларини халқаро майдонда муносиб ва самарали тарзда илгари суриш салоҳиятига эга эканини алоҳида таъкидлади.
Муҳокама натижаларига кўра, У.Шодиев Ўзбекистон Республикасининг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинланди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА