Ўзбекистонлик ёшлар Буюк Британиядаги халқаро мусобақада иштирок этди
Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳрида “Oxford International Intellectual Property Law Moot Competition 2026” халқаро мусобақаси бўлиб ўтди.
Интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасига бағишланган ушбу нуфузли беллашувда дунёнинг энг етакчи университетлари талабалари ўзаро куч синашди. Унда юртимиз ёшлари ҳам фаол иштирок этди.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети талабалари Мадинабону Жуманиёзова, Улугмурод Дустмуродов, Ҳушруя Абдуллаева илк маротаба иштирок этиб, “Professor David Vaver Spirit of the Moot Award” мукофоти билан тақдирланди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу мукофот жамоанинг энг яхши жамоавий руҳ, ҳурмат ва профессионал ёндашувини эътироф этади.
Иқтидорли ёшларимизнинг халқаро ҳуқуқ доираларидаги бундай дадил иштироки юртимизда интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳаси жадал ривожланиб бораётганидан ва йигит-қизларимизнинг юксак салоҳиятидан даракдир.
Гулноза Бобоева,
ЎзА