Жазоир Халқ Демократик Республикаси “Al-Jadid”, “Al-Nasr” каби етакчи нашрлари ёзишича, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 18 нафар талабаси ушбу араб давлатига етиб келган. Ҳамюртларимиз мамлакат шарқида жойлашган Ал-Водий шаҳридаги Шаҳид Ҳама Лаҳдар университети Тиллар ва санъат факультетида очилган, араб тили ўргатиладиган икки ойлик тезкор ўқув курсига қабул қилинди.
Мақолаларда бу республикамиздан икки олий ўқув юрти ўртасидаги келишув доирасида Жазоирга келган учинчи гуруҳ эканига эътибор қаратилган.
Ал-Водий университети директори профессор Умар Фарҳодий фикрича, мазкур муҳим машғулот араб мамлакатида ўтиши айни муддао.

Факультет декани профессор Далол Вашан ёшларимиз хорижий тилни тез ўзлаштираётгани, ёзма ва оғзаки ифода этиш, арабча шеър ўқиш қобилиятини намойиш этаётганини таъкидлади.
Ўқиш жараёнида талабаларимизга Жазоир шаҳарлари, бу юртнинг моддий ва номоддий, маданий мероси билан танишиш имкони ҳам яратилган.
М.Пирматова, ЎзА