Ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимлари Италияда ишлаш учун тайёрланмоқда
Ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг Италияда иш тажрибасини ошириш лойиҳаси муваффақиятли давом этмоқда. Ушбу дастур орқали ҳамюртларимизнинг юқори даромадли иш ўрнига эга бўлиш имконияти янада кенгаяди.
Аввал хабар берганимиздек, 10 нафар ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходими Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан Италияга 3 ойлик иш ва тажриба орттиришга юборилган эди. Муваффақиятли бошланган мазкур лойиҳа яна давом эттириладиган бўлди.
Бу масала агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев ва Пьемонте ҳудуди соғлиқни сақлаш вазири Федерико Риболди учрашувида муҳокама қилинди.
Дастур доирасида Перужа университети билан ҳамкорликда Касбий таълим агентлиги тизимидаги техникумда 6 ойлик “Ҳамшираларни итальян тилига ўқитиш курси” йўлга қўйилди.
Эълон қилинган танлов натижасига кўра, 1615 номзод Италияда ишлаш истагини билдириб ариза топширди. Улар орасидан 85 нафари олий маълумотли, бакалавр ёки магистр даражасига эга ўрта тиббиёт ходимлари танлаб олинди.
Қайд этилишича, қўшма таълимнинг биринчи босқичида 41 иштирокчи “double degree” дастури орқали ўқитилади, сертификатларни топшириш жараёни Ўзбекистонда ташкил этилади.
Тегишли ҳужжат олганлар ҳамкор давлатда юқори даромадли ишга жойлаштирилади.
Г.Сатторова, ЎзА