Ўзбекистонда “Муҳандислик ойлиги” старт олди (+видео)
Мамлакатимизда муҳандислик соҳасини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар доирасида 2026 йил апрель ойи “Муҳандислик ойлиги” деб эълон қилинди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур ойлик доирасида мамлакатимиз бўйлаб 30 дан ортиқ олий таълим муассасаларида турли танлов, олимпиада, мусобақа ва кўргазмалар ташкил этилмоқда. Уларнинг асосий мақсади ёшларни авиация, робототехника, дрон технологиялари, яшил энергетика, сунъий интеллект ва машинасозлик каби йўналишларга жалб этишдан иборат.
“Муҳандислик ойлиги”нинг очилиш тадбири Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида бўлиб ўтди. Унда олий таълим муассасалари вакиллари, ёш муҳандислар ва талабалар иштирок этди. Шунингдек, “The First International Students Forum TUIT-2026” халқаро форуми доирасида хорижий давлатлардан келган талабалар ҳам қатнашди.
Тадбир доирасида “Олийгоҳ кубоги” танловининг финал босқичи, муҳандислик ишланмалари кўргазмаси, “Dron Racing” мусобақаси ҳамда робототехника йўналишидаги лойиҳалар тақдимоти ташкил этилди. Танлов ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.
“Муҳандислик ойлиги” ёшларнинг илм-фан ва замонавий технологияларга қизиқишини ошириш, уларни истиқболли касбларга йўналтириш ҳамда мамлакатда инновацион ривожланишни жадаллаштиришга хизмат қилади.
<iframe width="830" height="467" src="https://www.youtube.com/embed/ZBNj2eNvSOg" title="O`zbekistonda “Muhandislik oyligi” start oldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, Ҳ.Баёнов (видео),
С.Обиджонов (монтаж), Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА