Ўзбекистонда "Иммунизация ҳафталиги" бошланди — аҳоли эмлашга чорланмоқда
Ўзбекистонда 20–26 апрель кунлари “Вакциналар ҳар бир авлод учун ишлайди” шиори остида "Иммунизация ҳафталиги" ўтказилмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, эмлаш — инсоният ихтиро қилган энг самарали профилактик усуллардан бири бўлиб, у ҳар йили миллионлаб ҳаётларни сақлаб қолмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, вакцинация нафақат саломатликни муҳофаза қилади, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам энг самарали ечимлардан бири ҳисобланади. Масалан, полиомиелитга қарши эмлаш дастурлари туфайли бугун 20 миллиондан ортиқ инсон фалажлик хавфидан ҳимояланган ҳолда соғлом ҳаёт кечирмоқда. Шунингдек, сўнгги 50 йил давомида қизамиққа қарши эмлаш қарийб 94 миллион инсон ҳаётини сақлаб қолган. Қизамиққа қарши икки дозали вакцина эса 95 фоиздан ортиқ ҳолларда касалликнинг олдини олади.
Ўзбекистонда иммунопрофилактика тизими миллий қонунчилик ҳамда халқаро стандартлар асосида йўлга қўйилган. Тошкент шаҳрида ҳам “Иммунизация хафталиги”ни ўтказиш учун маъмурий худудлардаги бирламчи даволаш-профилактика муассасаларида тайёргарлик тадбирлари олиб борилмоқда.
Эмлаш дастурлари орқали бўғма, кўк йўтал, қоқшол, қизамиқ, қизилча, шол, сил, эпидпаротит, вирусли гепатит В, ротавирус инфекцияси, гемофил инфекцияси ва одам папиллома вируси каби қатор хавфли касалликлардан муҳофаза таъминланмоқда.
Иммунизациянинг асосий мақсади вакцина билан бошқариладиган инфекцияларни чеклаш, уларни босқичма-босқич бартараф этиш ва шу орқали ўлим ҳолатларини камайтиришдан иборат. Бунинг учун болалар ва ўсмирларни миллий эмлаш календари асосида камида 95 фоиз қамров билан қамраб олиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ҳафталик доирасида республика бўйлаб бирламчи тиббий муассасаларда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, эмлаш қамрови паст бўлган ҳудудларда қайта режалаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Турли сабабларга кўра эмланмай қолган болалар ва 30 ёшгача бўлган аҳоли қатламлари аниқланиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказган ҳолда эмлаш ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, одам папиллома вирусига қарши вакцинация ишлари ҳам давом этмоқда. Хусусан, 9 ёшли қиз болаларни эмлаш орқали келгусида онкологик касалликлар хавфини камайтириш мақсад қилинган.
Мутахассислар огоҳлантиришича, эмлаш қамрови етарли даражада бўлмаса, айрим касалликлар қайта авж олиши мумкин. Хусусан, қизамиқнинг қайта кўтарилиши бу борада жиддий хавотир сигналидир.
"Иммунизация ҳафталиги" муносабати билан аҳолига фарзандларини ўз вақтида эмлатиш, шунингдек, аввал турли сабабларга кўра эмланмай қолган болаларни вакцинациядан ўтказиш тавсия этилмоқда.
М.Эшмирзаева,
ЎзА