Ўзбекистонда чўлланишга қарши Хитой тажрибаси ўрганиляпти (+видео)
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан Хитойнинг Ўрмон ва дашт хўжалиги бошқармаси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида “Хитойнинг Ички Мўғулистон ҳудудида экологик ҳимоя тўсиғини барпо этиш бўйича илғор тажрибалар” мавзусида кўргазмали тақдимот ўтказди.
Чўлланиш - бу дунё миқёсидаги глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам чўлланишга қарши чора-тадбирлар олиб борилмоқда ва бу масала давлатимизнинг доимий эътибори марказида.
Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги раҳбарияти ва масъуллари, Ички Мўғулистон автоном тумани партия қўмитаси котиби ўринбосари Ши Гуанҳуей, соҳа мутахассислари иштирок этди. Унда томонлар чўлланишнинг олдини олиш орқали экологик барқарорликни таъминлаш, ҳудудларда яшиллик даражасини ошириш ҳамда янги ўрмонлар барпо этиш ва қайта тиклаш борасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбир давомида Хитойнинг Ички Мўғулистон ҳудудида чўлланишга қарши курашиш борасида эришилган натижаларни акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилди. Унда қум кўчиши ва чўлланишга қарши курашиш, шўрланган ерларни мелиорация қилиш, сувни тежайдиган қишлоқ хўжалиги технологиялари ва экологик қайта тиклаш каби йўналишларда Хитой тажрибаси намойиш этилди. Бундан кўзланган мақсад тажриба алмашиш ва технологик ҳамкорлик орқали чўлланишга қарши биргаликда курашиш ҳамда минтақавий экологик амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришдир.

Кўргазмада “Яшил Ипак йўли: қумли чўлларнинг қайта тикланиши” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда Ички Мўғулистонда амалга оширилаётган кенг кўламли экологик барқарорликни таъминлаш ишлари ва “Уч Шимол” давлат лойиҳасининг ислоҳотлари батафсил ёритилди.
Ушбу кўргазмали тақдимот доирасида томонлар чўлланишнинг олдини олиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, илмий тадқиқотлар ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда соҳа мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Хитойнинг Инчуан шаҳрида “Чўлланишга қарши курашиш йўналишида Хитой - Марказий Осиё ҳамкорлиги” халқаро конференцияси доирасида Ўрмон агентлиги делегацияси хитойлик ҳамкорлар билан чўлланишга қарши курашиш бўйича 2 та муҳим келишув битимларини имзолаган эди. Навбатдаги келишув чўл ҳудудида бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади ва бу эксперимент муваффақиятли ўтса, лойиҳа қамрови янада кенгаяди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/S3pcpmHwRLw" title="O‘zbekistonda cho‘llanishga qarshi Xitoy tajribasi o‘rganilyapti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов (видео), ЎзА