Ўзбекистон – Япония: ёшлар учун янги имкониятлар эшиги
Бугунги глобаллашув даврида мамлакат тараққиёти, аввало, билимли, замонавий фикрлайдиган ва халқаро рақобатга қодир ёшлар салоҳияти билан белгиланади. Шу маънода, Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, ёшларнинг хорижий давлатларда билим олиши учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда илғор халқаро тажрибани миллий таълим тизимига татбиқ этишга қаратилаётган эътибор муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухорода ўтказилаётган “Ўзбекистон – Япония” халқаро таълим форуми ва ярмаркаси ана шу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган муҳим халқаро мулоқот майдонидир. Тадбирда таълим соҳаси вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар мутахассислари ҳамда уч минг нафарга яқин ёшлар иштирок этишмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Ортиқова, Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мамору Сакайлар сўзга чиқишиб, икки мамлакат ўртасидаги таълимий алоқаларни ривожлантириш, академик ҳамкорликни кенгайтириш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратишда бундай тадбирларнинг аҳамияти нақадар юқори эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Ўзбекистонда ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши ва халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айнан инсон капиталини ривожлантириш, ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган.


Бундай халқаро форумлар мазкур мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида аҳамиятлидир. Зеро, хорижий университетлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор таълим тажрибасини ўрганиш ва академик алмашинув имкониятларини кенгайтириш ёшларнинг дунёқарашини бойитиш билан бирга, мамлакатимиз олий таълим тизимининг халқаро интеграциясига ҳам хизмат қилади.
Форумда иштирок этаётган ёшлар Япония таълим тизими, етакчи университетлар фаолияти, замонавий ўқитиш методикалари, халқаро академик алмашинув дастурлари ва хорижда таҳсил олиш шартлари ҳақида бевосита маълумот олишмоқда. Бу эса уларга келажакдаги таълим йўналишини танлаш, касбий мақсадларини белгилаш ва ўз имкониятларини тўғри баҳолашда қўл келади.
Форум-ярмарканинг муҳим жиҳатларидан бири — Япониянинг 23 та олий таълим муассасаси вакиллари иштирок этаётганидир. Улар орасида Цукуба университети, Нагоя технология институти, Васэда университети, Ёкоҳама миллий университети, Ямагата университети, Сокэндай, Киби халқаро университети, Тоҳоку университети, Тоё университети, Хосэй университети ҳамда International College of Liberal Arts каби таълим муассасалари бор.
Университетлар вакиллари ўз таълим дастурлари, мутахассисликлар, қабул талаблари, стипендия имкониятлари ва хорижий талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот беришмоқда. Энг муҳими, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга тўғридан-тўғри жавоб олиб, таълим муассасалари билан алоқаларни йўлга қўйиш имкониятига эга бўлишмоқда.
Бу мулоқотнинг аҳамияти шундаки, у ёшларни фақат хорижда ўқиш имкониятлари билан таништирибгина қолмай, балки мустақил қарор қабул қилиш, ўз олдига аниқ мақсад қўйиш ва унга эришиш йўлларини белгилашга ҳам ундайди. Айни пайтда, олий таълим муассасалари учун ҳам халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий тадқиқотлар ва қўшма таълим дастурларини ривожлантиришга замин яратади.


Япония илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ютуқлари билан дунёда алоҳида ўрин тутади. Ушбу мамлакатнинг таълим тизимида назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, илмий изланишлар ва технологик тараққиётга алоҳида эътибор қаратилади. Шу боис Япония тажрибасини ўрганиш Ўзбекистон таълим муассасалари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Форум доирасида замонавий технологияларни таълим жараёнига татбиқ этиш, илмий тадқиқотлар, академик ҳамкорлик ва талабалар алмашинуви истиқболларига эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишлардаги мулоқотлар келгусида янги қўшма лойиҳалар, таълим дастурлари ва илмий ҳамкорлик ташаббусларига туртки бериши мумкин.
Бугун ёшлар учун билим олиш имкониятининг кенгайиши эртанги кун мутахассисларининг салоҳиятини белгилайди. Хорижда таҳсил олиш, илғор тажрибани ўзлаштириш ва халқаро муҳитда билим алмашиш эса уларнинг касбий камолотига хизмат қилади. Шу билан бирга, эгалланган билим ва кўникмаларнинг мамлакатимиз тараққиётига йўналтирилиши ҳам муҳим вазифадир.


Бухорода ўтказилаётган “Ўзбекистон – Япония” халқаро таълим форуми ва ярмаркаси икки мамлакат ўртасидаги таълимий алоқаларни мустаҳкамлаш, олий таълим муассасалари ҳамкорлигини кенгайтириш ва ёшларнинг халқаро имкониятлардан самарали фойдаланиши учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Зеро, бугун ёшлар учун очилаётган билим эшиклари эртанги тараққиётга олиб боради. Халқаро ҳамкорлик, сифатли таълим ва замонавий билимлар уйғунлиги эса мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, янги авлод мутахассисларини тайёрлаш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро таълим маконидаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим омилдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири