
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Будапештда Венгрия билан турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишни давом эттирмоқда. Жумладан, 17-19 май кунлари саноат зоналарини бошқариш ва ривожлантириш, улгуржи ва чакана савдо тармоқлари, инфратузилма ва йўл қурилиши, рақамлаштириш, энергетика, электр жиҳозлари ишлаб чиқариш, лойиҳаларни молиялаштириш бўйича Шарқий Европа бозорида етакчи ҳисобланган Венгрия компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Вазирлик ахборот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон ишбилармон доира вакиллари мулоқотлар давомида ўзаро тўғридан-тўғри инвестиция киритиш, илғор тажриба ва технологияни жалб этган ҳолда қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича ҳамкорлар билан келишувга эришган.

Тадбирлар давомида қўшилган қийматга эга, талаб юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш, истиқболли бозорларга имтиёзли экспорт қилиш имкониятини таъминлашга қаратилган қатор ташаббуслар ҳам муҳокама қилинган.


Ўзбекистон – Венгрия кўп қиррали ҳамкорлик дастурларига киритиладиган мазкур битимлар ижросини таъминлаш учун масъул алоҳида лойиҳа менежерлари бириктирилиб, ҳар бир босқични амалга оширишни назорат қилиш механизми жорий этилади.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА