Ўзбекистон ва Танзания парламентлараро ҳамкорлик кенгайтирилади
Танзаниянинг Аруша шаҳрида давом этаётган Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеяси доирасида Танзания Бирлашган Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Мусса Аззан Зунгу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Танзания ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, парламентлараро мулоқотни йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
М.Зунгу парламент аъзоларининг нуфузли анжумани Аруша шаҳрида ўтказилаётгани, тадбир иштирокчилари учун зарур шароитлар яратилгани, Ўзбекистон делегацияси учун бу сафар самарали ва мазмунли бўлишига ишончи комил эканини қайд этди.
Т.Норбоева ассамблея юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеясига мезбонлик қилгани боис бундай йирик халқаро тадбирни ташкил этиш катта саъй-ҳаракат талаб қилишини айтиб ўтди. Кейинги ўн йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, бандликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантириш устувор йўналишлар экани қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Танзаниянинг тараққиётга оид қарашлари, мақсадлари ва қадриятларида муштарак жиҳатлар кўп экани, лекин мавжуд салоҳиятга қарамай, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ҳозирга қадар етарли даражада ривожланмаганига эътибор қаратди.
Парламентлар икки мамлакат ҳукуматлари ва халқларини бир-бирига яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб, Ўзбекистон ва Танзания парламентларида ўзаро дўстлик гуруҳларини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Мулоқот чоғида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Танзания томони мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун очиқ эканини билдирди. Ўзбекистон ишбилармон доиралари Танзанияга инвестиция киритишга, жумладан, инфратузилма, авиация ва бошқа истиқболли соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишга таклиф этилди.
Танзаниянинг Нгоронгоро, Серенгети ва бошқа ноёб табиий ҳудудлари, Ўзбекистоннинг эса Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлари икки мамлакат ўртасида туристик алмашинувни ривожлантириш учун катта имконият яратиши таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Танзаниянинг тинчликсевар ташқи сиёсат юритиши, барча давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга интилиши ҳам муштарак жиҳат сифатида қайд этилди.
Хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Танзания парламентида аёллар вакиллиги 38 фоизни, Ўзбекистон парламентида эса 39 фоизни ташкил этиши –ўхшаш тенденциялар экани эътироф этилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро алоқаларни амалий мазмун билан бойитиш, дўстлик гуруҳларини ташкил этиш, дипломатик муносабатларни йўлга қўйиш жараёнини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Танзания, Аруша шаҳри