Ўзбекистон ва Озарбайжон: давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди
Олий Мажлис Сенатига Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рашад Мамедов ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари иттифоқчилик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ҳудудлараро ва гуманитар алоқалар изчил ривожланаётгани қайд этилди.
Икки мамлакат парламент аъзолари ўртасидаги алоқалар фаоллашгани, қўмиталар ва парламентлараро гуруҳлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати бўйича тажриба алмашиш, халқаро парламент майдонларида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш лозимлигига ҳам эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА