Ўзбекистон ва Хитой қурилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг Чунсин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Давронжон Адилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси хизмат сафарида бўлиб турибди. Сафар доирасида қурилиш, шаҳарсозлик ва инфратузилма соҳасида илғор тажрибалар ўрганилмоқда.
Делегация аъзолари дастлаб Чунсин шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти билан учрашиб, шаҳарнинг иқтисодий салоҳияти, инфратузилма ривожланиши ҳамда замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг делегация TYLin Group саноат парки фаолиятини ўрганди. Мазкур компания Америка, Осиё ва Европа ҳудудларида йирик ва мураккаб инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта тажрибага эга халқаро муҳандислик ташкилотларидан бири ҳисобланади.
Сафар доирасида делегация Чунсин илмий-тадқиқот геодезия ва картография университети ҳамда Yanxuan инновацион парки фаолияти билан ҳам танишди. Шунингдек, Хитойнинг етакчи компаниялари билан учрашувлар ўтказилиб, қурилиш соҳасида илғор тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар жараёнида BIM технологияларини кенг қўллаш, қурилиш соҳасини рақамлаштириш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, рухсат берувчи ҳужжатларни бериш тартибини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, делегация China Coal Industry Engineering Chongqing Design Research Institute (Group) Co., Ltd. билан ҳам учрашув ўтказди. 1953 йилда ташкил этилган мазкур институт бугунги кунда Хитойдаги йирик комплекс муҳандислик ва лойиҳалаш ташкилотларидан бири ҳисобланади. Ташкилот таркибида бир нечта шўъба корхоналар ва марказлар фаолият юритиб, 1800 нафардан ортиқ мутахассисни бирлаштиради. Компания архитектура, коммунал хўжалик, энергетика ва экологик йўналишларда 50 дан ортиқ лицензияларга эга.

Учрашувда қурилиш соҳасини рақамлаштириш, “яшил” энергетика, экологик барқарорлик ҳамда муҳандислик хизматларини комплекс ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Чунсин шаҳрида барпо этилган замонавий шифохона қурилиши мисолида BIM технологиялари асосида амалга оширилган илғор ечимлар тақдим этилди.

Лойиҳада уч ўлчамли моделлаштириш, муҳандислик тармоқларини мувофиқлаштириш, эҳтимолий техник муаммоларни олдиндан бартараф этиш ҳамда “ақлли” бошқарув тизимлари жорий этилгани қайд этилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳадаги самарадорликни оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА