Ўзбекистон ва Германия: электротехника соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Мамлакатимизда электротехника саноатини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада энергия сақлаш тизимлари ва аккумулятор технологиялари йўналишида етакчи хорижий компаниялар билан мулоқотлар муҳим аҳамият касб этади.
Шу доирада “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов Германиянинг “VARTA AG” компанияси кузатув кенгаши раиси Гюнтер Апфальтер билан музокара ўтказди. Учрашувда электротехника саноати, хусусан, аккумулятор технологиялари ва энергия сақлаш тизимлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида юртимизда электротехника тармоғини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамда экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, хорижий компаниялар иштирокида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва инновацион ечимларни жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар учрашув якунида электротехника соҳасидаги шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш, янги инвестициявий ва технологик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари бўйича ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, мазкур мулоқот икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва истиқболли ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқиш учун муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА