Ўзбекистон ва Беларусь ёшлар парламентлари ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни имзолади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика кенгаши ҳузуридаги Ёшлар кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форуми доирасида ўтказилган мажлис “Тенг имкониятлар – барқарор тараққиёт асоси: инклюзив таълим, қўшма ташаббуслар ва ёшлар ҳамкорлиги” мавзусига бағишланди.
Икки мамлакат ёш парламентарийлари жамият ва давлат бошқарувида ёшлар иштирокини кенгайтириш, инклюзив таълимни ривожлантириш, ёшлар учун тенг имкониятлар яратиш ҳамда икки мамлакат ёшлар парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш масалаларига эътибор қаратди.

Хусусан, инклюзив таълимда ёшлар парламентларининг ўрни, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, профессионал таълим ва ёшлар бандлигини таъминлаш, меҳнат миграцияси жараёнларида ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Лайло Аслонова, Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика кенгаши ҳузуридаги Ёшлар кенгаши раиси Алина Ретькова ёшлар парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан мустаҳкамлаш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда улар учун тенг имкониятлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги ёшлар тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, маданий, спорт ва ижодий тадбирларда барча ёшларнинг тенг иштирокини таъминлаш бўйича эришилган тажрибаларнинг тақдимотлари ўтказилди.

Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси ҳузуридаги Ёшлар кенгашининг 2026 - 2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” имзоланди.
Н.Абдураимова,
Б.Саидов (сурат), ЎзА