Ўзбекистон табиатида қандай ўзгаришлар кечмоқда? Геоботаник олим билан суҳбат
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти Геоботаника лабораторияси кичик илмий ходими Жасур Садинов билан суҳбатимизда геоботаниканинг илмий ва амалий аҳамияти, Ўзбекистон чўллари ва яйловларида кечаётган экологик ўзгаришлар, иқлим ўзгаришининг ўсимликлар дунёсига таъсири, камёб турларни муҳофаза қилиш ҳамда рақамли технологияларнинг табиатни ўрганишдаги имкониятлари ҳақида сўз юритдик.
Геоботаникани ўсимликларни санаб чиқиш эмас, балки табиатнинг «тили»ни ўқиш, деб таърифлаш мумкинми? Ўсимликлар бизга ҳудуд ҳақида нималарни айтиб беради?
– Албатта, геоботаникани маълум маънода табиатнинг «тили»ни ўқиш деб таърифлаш мумкин. Чунки геоботаникада асосий объект алоҳида ўсимлик эмас, балки ўсимликлар жамоаси — фитоценоз ҳисобланади. Биз бир ҳудудда қандай турлар учрашинигина эмас, қайси турлар доминант эканини, уларнинг ўзаро нисбати, проектив қоплами, яруслилиги, зичлиги, маҳсулдорлиги, мавсумий ҳолати ва муҳит билан муносабатини ҳам ўрганамиз.
Ҳар бир ўсимлик жамоаси узоқ вақт давомида муайян тупроқ, иқлим, намлик, шўрланиш, рельеф ва антропоген таъсир шароитида шаклланади. Шу сабабли фитоценозни ўша ҳудуд экологик шароитининг «тирик паспорти» деб аташ мумкин. Масалан, қумли чўлларда саксовул ва қандимлар, кучли шўрланган пастқамликларда галофитлар, дарё водийларида тўқай ўсимликлари устун бўлиши тасодифий эмас. Уларнинг ҳар бири муайян экологик шароит билан боғлиқ.
Бугун геоботаника анъанавий дала кузатуви билан чекланмайди. ГИС, масофадан зондлаш, сунъий йўлдош тасвирлари, статистик моделлаштириш ва рақамли маълумотлар базалари қўлланилмоқда. Ботаника институтининг 2025–2029 йилларга мўлжалланган «Рақамли табиат» дастурида ҳам тарихий ва замонавий геоботаник маълумотларни бир тизимда жамлаш, экологик шкалалар яратиш ва ўсимлик қопламидаги ўзгаришларни рақамли таҳлил қилиш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Бунинг аҳамияти шундаки, масалан, 30–40 йил олдин ёзилган геоботаник қайдномани бугунги ҳолат билан солиштирсак, ўша жойда қайси турлар камайган, қайси турлар кўпайган, ўсимлик қоплами сийраклашганми, яйлов маҳсулдорлиги ўзгарганми — буларнинг барчасини кўриш мумкин. Демак, ўсимликлар нафақат ҳозирги муҳитни, балки маълум маънода ҳудудда кечган экологик жараёнлар тарихини ҳам «айтиб беради».
Бир ҳудудда қайси ўсимликлар ўсишига қараб, унинг тупроғи, намлиги ва экологик ҳолати ҳақида хулоса чиқариш мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Бу геоботаника ва ўсимликлар экологиясининг муҳим амалий йўналишларидан бири — фитоиндикация деб аталади. Ўсимлик турларининг муҳит омилларига талаби бир хил эмас. Айрим турлар шўрланишга, бошқалари қумли тупроққа, айримлари намликка, яна бошқалари эса сув танқислигига мослашган.
Масалан, сарсазан (Halocnemum strobilaceum) ва айрим шўралар устун бўлган жамоалар кучли шўрланган шароит ҳақида маълумот бериши мумкин. Оқ ва қора саксовул, қандим каби ўсимликлар қумли ва қурғоқчил муҳит билан боғлиқ. Тўқай ўсимликларининг таркиби эса дарё режими ва ер ости сувлари ҳолатига жуда сезгир. Лекин бу ерда муҳим қоида бор: битта турни кўриб якуний хулоса қилинмайди. Унинг бошқа турлар билан биргаликдаги таркиби, мўллиги, тупроқ ва рельеф шароити ҳам ҳисобга олинади.
Бизда бу йўналишда аниқ натижалар ҳам бор. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида тарқалган 358 та ўсимлик турининг 33 та экологик омилга нисбатан экологик шкаласи ишлаб чиқилди. Бу маълумотлар турларнинг муҳитга муносабати, экологик амплитудаси ва ноқулай шароитларга сезгирлигини баҳолаш имконини беради.
Ҳозирги «Рақамли табиат» дастурида бу ёндашувни Устюрт платоси, Шарқий чинк, Амударё дельтаси, Шимоли-Ғарбий, Марказий ва Жануби-Ғарбий Қизилқум каби қурғоқчил табиий-географик ҳудудларга кенгайтириш, яъни минтақавий экологик шкала яратиш кўзда тутилган.
Яна бир қизиқ натижа: Қорақалпоқ Устюртида ўтказилган статистик моделлаштиришларда қорабоялиш ва шувоқ жамоалари маҳсулдорлигида иқлим омилларининг таъсири кучли экани, биюрғун (Anabasis salsa) иштирок этган айрим жамоаларда эса тупроқ омили чекловчи аҳамият касб этиши аниқланган.
Бу бир ҳудудда ўсадиган турларнинг ўзи ҳам муҳит ўзгаришига бир хил жавоб бермаслигини кўрсатади.
Бугун Ўзбекистонда қайси ҳудудларда ўсимлик қоплами энг кўп ўзгаряпти ва бу ўзгаришларга асосий сабаб нима?
– Бу саволга «энг кўп ўзгараётган битта ҳудуд» деб жавоб бериш илмий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Чунки Ўзбекистоннинг турли табиий зоналарида ўзгариш сабаблари турлича. Лекин ҳозирги тадқиқотлардан келиб чиқиб, Оролбўйи ва Орол денгизининг қуриган туби, Устюрт, Қизилқумнинг турли қисмлари, Қарши чўли, қуйи Амударё тўқайлари ва антропоген босим юқори бўлган айрим тоғолди-яйлов ҳудудлари алоҳида эътибор талаб қилади.
Энг динамик ҳудудлардан бири, албатта, Оролқум. Орол денгизининг қуриган тубида нисбатан қисқа вақт ичида янги қуруқлик, шўрхок майдонлар ва янги ўсимлик жамоалари пайдо бўлмоқда. Орол денгизининг қуриб қолган тубида олиб борилган дала тадқиқотлари, ГИС ва масофадан зондлаш маълумотлари асосида 3,18 миллион гектардан ортиқ ҳудуд рақамли инвентаризациядан ўтказилди.
Қизилқум ва Қарши чўлида эса ўсимлик қопламининг ўзгаришига қурғоқчилик, иқлимнинг исиши, шамол эрозияси, шўрланиш, чорванинг нотекис жойлаштирилиши ва меъёрдан ортиқ ўтлатиш каби омиллар биргаликда таъсир қилади.
Ботаника институти тадқиқотларида Жануби-Ғарбий Қизилқум учун замонавий дастлабки яйлов таснифи ишлаб чиқилиб, яйлов хиллари бўйича геоботаник, экологик ва хўжалик аҳамиятига эга кадастр кўрсаткичлари шакллантирилди. Бу маълумотлар ўсимлик қоплами сийраклашган, шамол эрозияси ва деградация белгилари кучайган майдонларни ажратиш имконини бермоқда.
Шимоли-Ғарбий Қизилқумда бир неча йил давомида олиб борилган босқичма-босқич тадқиқотлар натижасида ҳудуднинг геоботаник таснифи такомиллаштирилди. Якуний маълумотларга кўра, 15 та геоботаник район ва 7 та геоморфологик бирлик ажратилди, 370 та ем-хашак ўсимлик тури қайд этилди, 20 та яйлов типига мансуб 101 та яйлов хили тавсифланди ҳамда қарийб 4,3 миллион гектар яйлов майдони рақамлаштирилди.
Умуман, муаммо республика миқёсида ҳам жиддий. 2025 йилдаги расмий маълумотларда Ўзбекистонда қарийб 21 миллион гектар яйлов мавжудлиги, уларнинг 50–70 фоизи турли даражада инқирозга учрагани, 11 миллион гектар майдонда табиий ем-хашак ҳосил қилиш салоҳияти пасайгани қайд этилган.
Демак, бугун масала фақат «ўсимлик камайиб кетяптими?» деган савол эмас. Қайси тур камайяпти, унинг ўрнини қайси тур эгаллаяпти, яйловнинг ем-хашак қиймати қандай ўзгаряпти — асосий масала шунда.
Иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ердан нотўғри фойдаланиш ўсимликлар таркибини қандай ўзгартирмоқда? Бу жараённи геоботаник тадқиқотлар орқали олдиндан кўриш мумкинми?
– Аввало, жамоанинг тур таркиби ва турлар ўртасидаги нисбат ўзгаради. Намликка нисбатан талабчан, чорва яхши истеъмол қиладиган турлар камайиши, аксинча, қурғоқчиликка, шўрланишга ёки антропоген босимга чидамли турлар кўпайиши мумкин. Натижада ўсимлик қоплами сийраклашади, яйловнинг ем-хашак қиймати пасаяди, тупроқ очилиб қолади ва шамол эрозияси хавфи ортади.
Сув танқислиги тўқай экотизимларига айниқса кучли таъсир қилади. Дарё сув режими ўзгариши билан ер ости сувларининг сатҳи, тупроқ намлиги ва шўрланиши ҳам ўзгаради. Бу эса ўсимлик жамоаси таркибида ўз аксини топади. Амударё, Сирдарё ва Зарафшон водийларидаги тўқайлар бўйича тадқиқотларда ҳам яшаш муҳитининг деградацияси ва иқлим ўзгариши шароитида экотизимларнинг барқарорлигини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилган.
Бу жараённи олдиндан кўриш мумкинми? Ҳа, замонавий геоботаниканинг энг муҳим вазифаларидан бири айнан прогноз қилишдир.
Бунинг учун бир неча турдаги маълумот бирлаштирилади: тарихий геоботаник қайдномалар, замонавий дала кузатувлари, метеорологик маълумотлар, тупроқ кўрсаткичлари, масофадан зондлаш ва сунъий йўлдош тасвирлари.
Масалан, Бухоро, Навоий ва Қарши чўли бўйича тўпланган 692 та геоботаник қайднома халқаро GIVD стандартлари асосида рақамлаштирилди. Бундай архив маълумотларини бугунги маълумотлар билан солиштириш орқали бир неча ўн йиллик ўзгаришни кўриш мумкин.
Яна бир муҳим босқич — келажак иқлим сценарийларини моделлаштириш.
Ботаника институтининг 2025–2029 йилларга мўлжалланган дастурида яйлов типларининг майдони ва доминант ўсимликлар ҳолатини тўрт хил иқлим сценарийсида баҳолаш, уларни «қулайлик», «толерантлик» ва «ингибирланиш» ҳолатлари бўйича моделлаштириш ҳамда иқлим хавфига берилувчанлик индексини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Бу келажакда қайси яйловлар маҳсулдорлигини сақлаб қолади, қайсилари хавф остида бўлади ва чорва юкламасини қаерда ўзгартириш кераклигини илмий асосда прогноз қилишга хизмат қилади.
-Яйловларнинг ҳолатини ўсимликлар таркибига қараб аниқлаш мумкин. Бугун қайси ўсимликлар яйловларимиз учун «сигнал» бўлиб хизмат қиляпти?
– Бу ерда бир оз эҳтиёткор бўлиш зарур. Табиатда «бу яхши ўсимлик, бу ёмон ўсимлик» деган жуда содда ёндашув тўғри эмас. Бир тур табиий жамоада мутлақо нормал компонент бўлиши, бошқа шароитда эса унинг кескин кўпайиши экологик ўзгариш белгиси бўлиши мумкин.
Шунинг учун геоботаник учун асосий сигнал — турнинг ўзи эмас, ўсимликлар нисбатининг ўзгариши.
Масалан, шувоқзор яйловда шувоқнинг кескин камайиши, яхши ейилувчан эфемер ва эфемероидларнинг қисқариши, улар ўрнида чорва кам ейдиган бир йиллик ёки бегона турларнинг кўпайиши яйлов босими кучайганини кўрсатиши мумкин.
Қизилқум ва Устюртда биз учун оқ ер шувоғи (Artemisia terrae-albae), қорабоялиш, биюрғун (Anabasis salsa), саксовуллар (Haloxylon spp.), қандимлар (Calligonum spp.) каби доминантлар муҳим ахборот беради. Улар нафақат яйлов типини белгилайди, балки иқлим ва тупроқ омилларига жавоб реакцияси билан ҳам аҳамиятли.
Шўрланган ҳудудларда сарсазан, юлғун ва бошқа галофитлар эса тупроқ шўрланиши ва гидрологик шароит ҳақида сигнал беради. Лекин, масалан, сарсазаннинг табиий шўрхокда ўсиши деградация белгиси эмас. Ушбу жамоа табиатан шу шароит учун хос бўлиши мумкин.
Яйлов деградациясини баҳолашда биз яна проектив қоплам, ейилувчан масса ҳосилдорлиги, заҳарли ва бегона турлар улуши, тупроқ юзасининг очилиши ва чорва босимини ҳам ҳисобга оламиз.
Шу маънода ўсимликлар ҳақиқатан ҳам эрта огоҳлантирувчи индикаторлар вазифасини бажаради. Муаммо ҳали иқтисодий зарар даражасига етмасдан туриб, ўсимлик жамоасидаги ўзгариш унинг дастлабки белгиларини кўрсатиши мумкин.
Геоботаник тадқиқотлар фақат илм-фан учун эмас, қишлоқ хўжалиги, яйловлар ва табиатни муҳофаза қилишда қандай аниқ амалий фойда беради?
– Геоботаниканинг амалий аҳамияти жуда катта. Энг содда қилиб айтганда, у «ердан қанча, қачон ва қандай фойдаланиш мумкин?» деган саволга илмий жавоб беради.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг 16,66 миллион гектар умумий майдонидан 14,2 миллион гектар яйлов ва пичанзорлар кадастри ишлаб чиқилди. Бу республика умумий майдонининг қарийб 85,2 фоизига тенг.
Ҳар бир контур бўйича 21 та асосий кўрсаткич ҳисобга олинади: яйлов типи ва хили, майдони, тупроғи, ўсимлик билан қопланиши, флористик таркиби, сув билан таъминланганлиги, бонитети, ейилувчан ва умумий озиқа массаси, озиқа қиймати, мавсумий фойдаланиш, чорва босими, ўтлатиш меъёри, деградация даражаси ва иқтисодий кўрсаткичлар.
Демак, бундай кадастр оддий «ўсимликлар харитаси» эмас. У бошқарув воситаси.
Масалан, унинг асосида муайян яйловда нечта шартли бош чорва боқиш мумкинлиги, қайси фаслда фойдаланиш мақбуллиги, қайси участкага вақтинча дам бериш кераклиги, қаерда деградация хавфи юқорилиги ва қайси майдонда тиклаш тадбирлари зарурлиги аниқланади.
Бу тажриба ҳозир Қизилқумнинг бошқа қисмларига ҳам кенгайтирилмоқда. Жануби-Ғарбий Қизилқум бўйича юқори деталликдаги тасниф ва кадастр ишлари амалга оширилмоқда. Қарши чўли учун геоботаник ва кадастр харитаси яратилган.
2025–2029 йилларга мўлжалланган дастурда эса Навоий ва Бухоро вилоятлари яйловларининг кадастри ва рақамли хариталарини яратиш белгиланган. Дастур материалларида Навоий учун 11 миллион гектар, Бухоро учун 4 миллион гектарлик ҳудуд маълумотларини кадастр ресурсларига интеграциялаш кўзда тутилган.
Якуний мақсад — Қорақалпоғистон, Навоий ва Бухоро бўйича маълумотларни ягона чоксиз рақамли ресурсга бирлаштириш.
Унда нафақат ҳозирги яйлов ҳолати, балки иқлим сценарийларида қайси яйлов хили қанчалик хавфга берилувчан экани ҳам кўрсатилади. Бу чорвачиликни режалаштириш учун жуда муҳим.
Шунинг учун геоботаника қишлоқ хўжалигига ҳам, экологик мониторингга ҳам, ҳудудий режалаштиришга ҳам, табиатни муҳофаза қилишга ҳам хизмат қилади.
-Сиз олим сифатида Ўзбекистоннинг ўсимлик дунёсига қараб, келажак учун энг катта хавф нимада деб ўйлайсиз?
– Менимча, келажакдаги энг катта хавф алоҳида бир омилда эмас, балки иқлим ўзгариши ва антропоген босимнинг бир вақтда кучайишида. Қурғоқчилик, юқори ҳарорат, сув танқислиги ва шўрланиш табиий экотизимлар учун ўзига хос стресс омиллари ҳисобланади. Уларга меъёрдан ортиқ чорва боқиш, сув режимининг бузилиши, ерларни ўзлаштириш, инфратузилма қурилиши ва яшаш муҳитларининг парчаланиши қўшилганда ўсимлик жамоаларининг табиий тикланиш имконияти пасаяди.
Бу жараённинг хавфи фақат айрим ўсимлик турларининг камайиши билан чекланмайди. Ўсимлик жамоасининг таркиби ва тузилиши ўзгариши, экологик жиҳатдан муҳим доминант турларнинг улуши камайиши, улар ўрнида антропоген босимга чидамли ёки ем-хашак қиймати пастроқ турларнинг кўпайиши мумкин. Бу эса яйлов маҳсулдорлиги ва биохилма-хилликнинг пасайиши билан бирга, тупроқни шамол эрозиясидан ҳимоя қилиш, қумларни мустаҳкамлаш ва экотизим барқарорлигини таъминлаш каби табиий функцияларга ҳам таъсир кўрсатади.
Бизнинг Қорақалпоғистон, Қизилқум, Қарши чўли, Бухоро ва Навоий ҳудудларида олиб борилаётган геоботаник тадқиқотларимиз ҳам шуни кўрсатадики, ўсимлик қопламини баҳолашда фақат унинг майдони эмас, балки тур таркиби, доминантлар ҳолати, проектив қоплам, маҳсулдорлик, деградация даражаси ва иқлим омилларига сезгирлиги ҳам ҳисобга олиниши керак.
Шу сабабли келажакда табиий экотизимларни баҳолаш фақат «қанча гектар кўкаламзорлаштирилди?» деган кўрсаткич билан чекланмаслиги лозим. Қайси турлар сақланди, табиий ўсимлик жамоаси қай даражада тикланди, танланган турлар маҳаллий тупроқ ва иқлим шароитига мосми, ўсимлик қоплами узоқ муддатда барқарор бўладими — мана шу саволлар ҳам муҳим.
Айнан узоқ муддатли геоботаник мониторинг бундай ўзгаришларни эрта аниқлаш, хавфли тенденцияларни баҳолаш ва табиий экотизимларни сақлаш бўйича илмий асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
-
– Биринчи навбатда, албатта, камёб, эндемик ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларга эътибор бериш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг олтинчи нашрига 317 та юксак гулли ўсимлик тури киритилган, шундан 24 тури мазкур нашрга илк бор киритилган. Бу рўйхатлар дала тадқиқотлари, популяциялар мониторинги ва замонавий тарқалиш маълумотлари асосида қайта кўриб чиқилган.
Масалан, Грейг лоласи (Tulipa greigii), Кауфман лоласи (Tulipa kaufmanniana) ва бошқа камёб лола турлари учун гулларни назоратсиз териш, чорва боқиш, ерларни ўзлаштириш ва яшаш муҳитининг қисқариши асосий хавфлардан ҳисобланади.
Лекин мен бу саволга фақат Қизил китоб нуқтаи назаридан жавоб беришни истамас эдим.
Биз экотизимни ушлаб турган оддий, лекин функционал жиҳатдан жуда муҳим турларни ҳам асрашимиз керак. Масалан, саксовул Қизилқум ва Оролқумда қумни мустаҳкамлайди, шамол тезлигини пасайтиради, чанг ва туз кўчишининг олдини олишда иштирок этади. Шу сабабли Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштиришда саксовулдан кенг фойдаланилмоқда.
Қандимлар, шувоқлар, қорабоялиш ва бошқа чўл ярим буталари яйлов экотизимларининг структураси ва ем-хашак базасида муҳим ўрин тутади. Тўқайларда эса туронғил, юлғун ва бошқа асосий турларни сақламасдан бутун тўқай экотизимини сақлаш қийин.
Шунинг учун замонавий табиатни муҳофаза қилишда «турни сақлаш»дан «тур ва унинг яшаш муҳитини биргаликда сақлаш»га ўтиш зарур.
Агар тоғ лоласини сақламоқчи бўлсак, унинг ўсадиган тоғ ёнбағри ҳам сақланиши керак. Тўқай ўсимлигини сақламоқчи бўлсак, дарё ва ер ости сувлари режими ҳам ҳисобга олиниши шарт.
Саксовулни сақламоқчи бўлсак, қумли чўл экотизимини меъёрдан ортиқ антропоген босимдан ҳимоя қилишимиз керак.
Ўсимликни яшаш муҳитидан ажратиб сақлаб бўлмайди. Менимча, Ўзбекистон ўсимлик меросини келажак авлодларга етказишдаги энг муҳим тамойил ҳам шу.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.